Narrator 1 Ассалому алайкум. Худованднинг ҳамма амрларини сўзсиз бажаришга ёрдам берадиган ва ҳамма амрларни ўзида жамлайдиган бир оят бор. Уни билишни истайсизми? Унда эшитинг: «Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин». (Мат 22:37). Мана шу амрга амал қилган киши Худонинг ҳамма амрларни бажарган бўлади. Чунки Худовандни шундай севган одам, Унинг ҳеч бир амрини бузмайди. Қадимда эрамиздан аввал яшаб ўтган шоҳ Йўшиё шундай инсон эди. У ҳақида Муқаддас Каломда жуда яхши таъриф берилган. Бироқ бу таърифни суҳбатимизнинг охирида эшитамиз. У қандай қилиб шу таърифга лойиқ бўлганини эса диққат билан эшитинг. У ярамас шоҳ Манашенинг невараси ва Охознинг ўғли эди. Шунга қарамай, Худованд 8 ёшида тахтга ўтирган Йўшиёни жуда ажойиб шоҳ қилиб кўтарди.
Narrator 2 У бобоси ва отаси қилган ишларни тўғрилаш учун умр бўйи ҳаракат қилди. Манаше энг қабиҳ шоҳ бўлиб 50 йилдан ошиқроқ Яҳудога ҳукмронлик қилган. Шу йиллар ичида у инсон зоти қилиши мукин бўлган ҳамма жирканч ва қабиҳ ишларни қилиб, Худонинг ғазаб косасини тўлдирди. Унинг қилган ишларининг касри Яҳудо халқи бошига тушди. Худо Манашедан ҳам, унинг ишларини қўллаб-қувватлаган яхудо халқидан ҳам қаттиқ ғазабланди. Шоҳ Йўшиё эса ота-боболари қилган ишларни тўғрилаш учун, Худонинг ғазабини камайтириш учун жуда катта ишларни қилди. Йўшиё «Эгамизнинг уйидан худо Ашерага сажда қилиш учун аталган устунни …чиқариб ёқди. Фаҳшбозларнинг Эгамиз уйидаги ҳужраларини бузди. Бутларга хизмат қиладиган ҳамма руҳонийларни чиқариб юборди. … қурбонликлар келтирадиган саждагоҳларни ярамайдиган қилди. …Йўшиё бирортаси ўғлини ёки қизини худо Мўлахга оловда куйдириб қурбонлик қилмаслиги учун …Тофат деган жойдаги саждагоҳни ярамайдиган қилди»
Narrator 1 Бундан ташқари, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом Байтилда ўрнатган саждагоҳни ҳам, қурбонгоҳни ҳам йўқотди. Саждагоҳга ўт қўйиб, кулини кўкка совурди…. Исроил шоҳлари бутун юрт бўйлаб бегона худоларга саждагоҳлар қуриб Эгамизни ғазаблантирган эдилар. Йўшиё… бу саждагоҳларни вайрон қилиш учун сипоҳлар жўнатди. Ўша шаҳарлардаги саждагоҳларнинг ҳамма руҳонийларини қурбонгоҳларда бўғизлади. Инсон суякларини қурбонгоҳларда ёқди. Шундан сўнг қуддусга қайтиб кетди. Йўшиё ҳукмронлигининг 18чи йилида Таврот китобини топиб олиб, ўзидан олдинги шоҳлар Худони нега ғазаблантирганини билиб олган эди. Шунга кўра, Тавротда ёзилган қонунни ижро этмоқ мақсадида арвоҳ чақирувчиларни, фолбинларни, хонаки санамларни ва бошқа бутларни, Яхудо ва Қуддусда пайдо бўлган ҳамма макруҳ нарсаларни йўқ қилиб ташлади.
Narrator 2 Муқаддас Каломдан шоҳ Йўшиё ҳақида ўқир экансиз, қанчалик Худога садоқатли ва итоатли шоҳ бўлганини кўрасиз. Яна у халқини ҳам Худо ғазабидан қутқариб қолиш учун бутун умр ҳаракат қилди. Каломда унга шундай таъриф беради: «Йўшиёдан олдин ҳам, кейин ҳам унга ўхшаб Мусонинг ҳамма қонунларига мувофиқ, бутун қалби билан, жону дили билан, бутун вужуди билан Эгамизга итоат этган бирон шоҳ чиқмади.» (4 Шоҳ 23:25). Худонинг назарида мана шундай таърифга эга бўлиш осон эмас. Йўшиё бу таърифга осонлик билан эришгани йўқ. У ҳукмронлиги даврида бир умр Худонинг йўлидан оғишмасликка ҳаракат қилди. Юқоридаги оят ҳам унга жуда тўғри келади. У Худони бутун қалби, жони ва онги билан севган ягона шоҳ эди.