MP3

Ассалому алайкум. Куни билан елиб югургансиз, тиним билганингиз йўқ. Болаларга кечки овқатни бериб, ювинтириб, ётқиздингиз, энди ўзингиз ҳам дам олишингиз керак. Энди ётиб дам оламан деганингизда қизингиз ёки ўғлингиз сизни чақиради. Қўрқаётганини айтади. Бундай ҳолатда нима қиласиз? Кимдир менга бир қизалоқ ҳақидаги ҳикояни айтиб берган эди. Сизнинг ҳолатингиздаги, толиққан онага қизалоғи, қоронғиликдан қўрқиб ухлаёлмаётганини айтади. Онаси эса: «Қизим, ухла қўрқма. Худо сен билан. Сени ҳимоя қилади» — дейди. Қизча эса: «Ойи биламан, лекин ёнимда кимдир бўлишини хоҳлаяпман» — дейди. Ишончим комилки, кўпчилик оналар мана шу ҳикоядаги қизчанинг онаси каби иш кўради. Болаларимиз қўрққанида, «Уйда ҳеч нарса йўқ, қўрқма. Кўзингни юмиб ухла» — деб ухлатишга ҳаракат қиламиз. Болалардаги қўрқувни енгишга ёрдам бериш, биз оналарнинг вазифаси. Кўпчилик, болалардаги мана шу қўрқувни енгишга ёрдам беришни билмайди. Шундай пайтда нима қилиш керак? Нима қилсангиз фарзандингиз кечқурун қўрқмай ухлай олади? Бундай пайтда яна Худога мурожаат қиламиз. Ундан фарзандингиздаги қўрқувни олиб ташлашини сўраб ибодат қиламиз, ва ўзимиз қуйидаги ишни қилишга тутинамиз.

Фарзандингиз қўрқаётганини айтиб, сизни чақирганида, даставвал, унинг ёнига бориб, кроватининг четига ўтиринг. Худони улуғлайдиган ашулалардан бирини айтиб, Забурдан Худованднинг ҳимояси ҳақидаги бирор бир санони ўқинг. Баъзан бир неча марта ўқиб, тушунтириб беришингизга тўғри келади. Кейин эса Муқаддас Каломдаги шаҳсларнинг қўрқинчли ҳолатга тушганида Худо қандай ёрдам бергани ҳақида сўзлаб беринг. Масалан, Дониёр пайғамбарнинг шерлар ўрасига ташлангани, Ҳаворий Павлус кетаётган кеманинг ҳалокатга учрагани, Довуднинг Гўллиёт билан жанг қилгани ҳақида. Шу ҳикоялар орқали Худо ўзининг фарзандларига қандай ёрдам бергани ҳақида сўзланг. Кейин эса ҳаётингиздан мисоллар келтириб, қийин дамларда Худо қандай ёрдам берганини айтиб беринг. Шундан сўнг, ибодат қилиб, фарзандингизни Худонинг қўлига топшириб, бирор бир ишни баҳона қилиб хонадан чиқиб кетинг. Масалан: «Кирларни бир эзиб келай» ёки «Қарай-чи, пирог куйиб кетмабдимикан, кейин яна келаман» , — деб чиқиб кетинг. Бироз вақт фарзандингизнинг Худо билан бирга бўлишига, Худога ишонишига йўл қўйиб беринг. Кейин эса келиб хабар олинг.

Одатда ҳаммамиз ҳам қийин дамларда Худонинг Каломига оч бўламиз. Худонинг Каломидан муаммоларимизга жавоблар излаймиз. Мана шундай пайтларда очилган оятлар энг таъсирли ва эсда қоларли оятлар бўлади. Худонинг ҳаётингизда қандай ишлаганини бир умр эсдан чиқармайсиз. Қийин дамлар ҳам аслида Худонинг баракатининг бир кўриниши. Фарзандларингиз буни ҳали билмайди. Лекин қўрқув орқали, Худовандга ишонишни ўрганиб олади. Мумкин бўлса фарзандларингиз билан Ишаё 41 боб 10 ва Заб 33:5-7 оятларни ёдланг. Қўрққан пайтида фарзандингиз билан мана шу оятларни овоз чиқариб айтинг. Бу нарса унга Худованднинг ёрдамини эслатади.

Хуллас, Худо истаган фарзандларни тарбиялаш осон эмас, аммо бунда Худо бизга ёрдам беради. Азизлар бўш вақтингизни мазмунли ўтказиб, руҳий ҳаётингиз учун керакли маълумотларга эга бўлишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бу борада бажонудил ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top