3:13

Ҳасадгўй Ноиблар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон юқорига кўтарилгани сари атрофида дўстлари билан бирга зиён етказишни истаган душманлари ҳам бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бу дунё яралгандан буён ҳақиқат бўлган нарса. Бу ҳолат шоҳга ҳам гадога ҳам бирдек тегишли бўлган. Шоҳ юксалганда атрофдаги шоҳлар бирлашиб, унинг ерларини босиб олганлар. Оддий одам бирор бир ютуққа эришганда, ўзига ўхшаш оддийлар уни чалишга ҳаракат қилишган. Бундай ҳолатлар пайғамбарларни ҳам четлаб ўтмаган. Ўшандай ҳасадгўйлар тузоғида қийналган пайғамбарлардан бири Дониёр пайғамбардир. У 609-598 йиллар ичида Яҳудо юртидан Бобилга асир қилиб олиб кетилган. Бобил шоҳи Навуходназар уни сарой мулозими қилиб тайинлади. Шу воқеадан сўнг жуда кўп сувлар оқиб ўтди. Бир неча шоҳлар алмашди. Бироқ Дониёр ҳар бир тайинланган ишни сидқидилдан ва юксак маҳорат билан бажаргани учун шоҳларнинг назарига тушаверди.

Narrator 2 Бу ҳолат атрофдаги беклар ва ноибларга ёқмади. Бир эмас, келган ҳамма шоҳлар бирин-кетин Дониёрга юксак ишонч билдиришгани, уни юқори мартабага кўтаришгани сарой амалдорлари ва ноибларининг жиғига тегарди. Каломда улар ҳақида шундай дейилган: «Буни кўра олмаган амиру ноиблар қилдан қийиқ ахтариб, Дониёрнинг бошқарув ишларидаги нуқсонларини топишга ҳаракат қилишди. Аммо Дониёр ўз ишини пухта бажариб, ҳеч қандай масъулиятсизлик ва ноҳақликка йўл қўймагани учун уни айблашга бирон-бир баҳона ҳам топа олмадилар. Охири улар бир-бирларига шундай дедилар: — Дониёрни фақатгина ўз дини билан боғлиқ бўлган ҳолда айблашимиз мумкин, бундан бошқа чорамиз йўққа ўхшайди» (Дон 6:4-5). Шундай қилиб улар шоҳни янги фармон чиқаришга кўндиришди. Фармонга кўра халқ 30 кун мобайнида фақат шоҳга сажда қилиши керак эди.

Narrator 1 Ноиблар Дониёр бу фармонга амал қилмаслигини яхши билгани учун уни кузатишга тушдилар. Дониёр эса ҳар доим қилганидай, уч маҳал болахонасига чиқиб Яратганга сажда қиларди. Ноиблар шуни дастак қилиб, шоҳ орқали уни жазолашга эришдилар. Дониёрни шерлар уясига ташладилар. Ноиблар бундан беҳад хурсанд бўлдилар. Ана энди улар Дониёрдан қутилгандек эдилар. Бироқ уларнинг хурсандчилиги узоққа бормади. Дониёр сажда қилган ва улуғлаган ўша Худо Дониёрни шерлар чангалидан омон сақлади. Унга ҳеч қандай зиён етказмади. Каломда бу ҳақида аниқ ёзилган: «Хурсандчилиги ичига сиғмаган шоҳ Дониёрни чуқурликдан чиқаришни буюрди. Дониёрни чуқурликдан чиқарган одамлар унга ҳеч қандай зарар етмаганини кўришди, чунки Дониёр Худога ишонган эди.» (Дон 6:23).

Narrator 2 Унинг ноҳақ қораланганидан аччиқланган шоҳ, Дониёрни қоралаганларни хотину бола-чақалари билан бирга шерлар уясига ташладилар. Улар чуқурликнинг тубига етмаган ҳам эдики, шерлар уларга ташланиб ғажиб ташлашди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳамма замонда ҳам юксалаётган одамни кўролмайдиганлар бир кун келиб, ўзлари қазиган чоҳга ўзлари йиқилганлар. Бундай одамлар ҳар доим бўлган ва ҳар доим бўлади. Уларга сабаб бермаслик учун киши ўзига юклатилган ишни сидқидилдан, ҳеч қандай кам-кўстсиз бажариши ва қораловчиларнинг оғзини мукаммал иши билан ёпиши керак. Бошлиқ назарига тушишни истасангиз, берилган кичик ишни ҳам юксак маҳорат билан қилишга ҳаракат қилинг. Буни бир марта эмас доимий равишда бажаринг. Шундай ишлаш сизнинг одатингизга айлансин, шунда ҳеч ким сизни айблай олмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top