Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон дунёга келибди-ки, яхши нарсалар ортидан қувади. Яхши билим олишга, яхши бир ишхонада ўзини кўрсатишга, яхши оила ва шароитга эга бўлишни истайди. Буларннг ҳаммаси инсоннинг яхшиликка интилишидан дарак беради. Ўзига қулай бўлган шароитни яратишга иштиёқмандлигидан дарак. Кимлардир яхши яшаш — бу кўп молу-давлатга эга бўлиш, деб ўйлайди. Бошқалар эса яхши яшаш бу ҳар кунлик ризққа эга бўлиш ва ажойиб оила даврасида севган ишидан мамнун бўлиб яшашни тушунади. Мол-дунё ортидан қувиш, унга эга бўлиш кишига завқ келтирадими? Ёки севган ишига ва яхши оилага эга бўлиш чиндан ҳам кишини бахтли қиладими? Буларга ҳар бир одам турли хил фикр билдиради. Бироқ қадимда яшаб ўтган бир файласуфнинг ҳам бу ҳақидаги фикрларини билиб олиш бизга зарар қилмайди.
Narrator 2 «Мен, Воиз – Исроил устидан Қуддусда шоҳман. Ўзимни донолик билан изланишга, мана шу дунёда бўлаётган ҳамма ишларни тушунишга бағишладим. Худо инсонга берган бу иш қандай қайғули-а! Мен бу дунёда бўлаётган ҳамма нарсани кўрдим, қаранглар, ҳаммаси беҳуда, шамолнинг ортидан қувишдай экан. Эгри нарсани тўғрилаб бўлмас, йўқ нарсани санаб бўлмас. Ўзимга ўзим шундай дедим: «Мана, мен буюк бўлиб, доноликда мендан олдин Қуддусда ҳукмронлик қилганларнинг ҳаммасидан ўзиб кетдим. Кўп донолик ва билимни яхшилаб ўргандим. Донолик ва билимнинг фойдаси телбалик ва аҳмоқликдан устунлигини англаб етишга ўзимни бағишладим, аммо бу ҳам шамолнинг ортидан қувишдай эканлигини кўрдим. Қайғу ҳам ортаркан, донолик қанчалик кўп бўлса, дард кўпаяр экан гар билим ошса.»
Narrator 1 Бу файласуф ёки воизнинг сўзларидан нимани англадингиз? Атрофга қарасангиз, чиндан ҳам баъзилар бойликнинг, бошқалар эса билимнинг ортидан қувади. Бойликнинг ортидан қувганлар бойлиги туфайли ҳотиржам яшай олмайди. Умр бўйи бойлик йиғиш ҳам умрнинг асл мазмуни бўла олмайди. Шундай ҳаёт кечирган кишилар охиратга сафар олдидан қилган ҳаракатларининг бари беҳуда эканини англайди. Ҳаётида бундан ҳам муҳимроқ бўлган нарсани ўтказиб юборганига пушаймон қилади.
Билим ортидан қувадиганлар эса, умр бўйи илм олишга, доноликка интилади. Атрофидагилардан кўра кўпроқ маълумотга, кўпроқ билимга эга бўлишни истайди. Билим олиб изланишни ҳаётининг асосий мазмуни деб билади. Бироқ билим ва донолик қанчалик кўпайса, инсон атрофдагиларнинг аҳмоқлигидан, уни тушунмасликларидан шунча кўп қийналади.
Narrator 2 Билим олишга бел боғлаган, бутун ҳаётини шунга бахшида этган киши ҳам бир кун қазоси етиб кўз юмишидан олдин, қилган ҳаракатларининг бари энг асосий ишнинг олдида беҳуда эканлигини англайди. У ҳам худди бойлик йиғишга муккасидан кетган кишидай ҳаётининг асл мазмунини пайқамаган. Энг муҳим бўлган нарсани ўтказиб юборган. Хўш, бу энг муҳим нарса нима экан? Худони таниб билиш. Худони таниб билиш ва Унинг бошқарувида яшаш. Унинг донолиги инсонни бошқарса, инсон ҳаётидаги энг зарур бўлган ишларнигина қилади. Худонинг ўнг қўли ҳар доим сиз билан экан, ҳаётда ҳеч нарсани ўтказиб юбормайсиз. У билан бир йўлдан юрар экансиз, охиратга сафар қилишингиздан олдин кўнглингиз ҳотиржам бўлади. Фарзандларингизга ҳам қандай ҳаёт кечириш намунасини кўрсатиб кетаётган бўласиз. Мана шундай яшалган умр беҳуда эмас.