Narrator 1 «Агар гуноҳкор ўз гуноҳли ишларидан юз ўгириб, тўғри ишларни қилишни бошласа, у шундай қилгани учун яшайди »(Эзекиел 33:19).
Ассалому алайкум қадрдонлар. Инсон дунёга келибдики, яхши билан ёмоннинг фарқини билиб ўсаверади. Яхшилик билан ёмонликни ажратиш ҳислати бизнинг инсоний табиатимизда бор. Ҳатто ҳали гапиришни билмайдиган бола ҳам онага итоатсизлик яхши эмаслигини тушунади. Бу инсонларда учрайдиган гуноҳнинг энг кичик намунаси ҳолос. Инсон улғая боргани сари, ундан ҳам кўпроқ ва даҳшатлироқ гуноҳларга қўл уради. Буни ўзи баъзан англайди, баъзан англамайди. Бориб-бориб, гуноҳ қилиш, ёвуз ишларни одат қилиш унинг ҳаёт тарзига айланади. Бундай одам шу ҳаётидан мамнун бўлиб яшайверади токи…
Narrator 2 Ҳа, токи Худованд унинг кўзларини очмагунча, ҳаётига диққат билан назар ташлаб, хатоларини англашга имкон бермагунча шундай яшайверади. Бундай одамни, балчиқ ичида роҳатланиб, ўз қилаётган ишидан мамнун бўлган тўнғизга ўхшатиш мумкин. Гуноҳ ичида шундан роҳатланиб яшаган одамни шундан бошқа нимага ҳам ўхшатиш мумкин? Аммо шундай инсонлар учун ҳам имконият бор. Худованд Ўз каломида шундай дейди: «Агар гуноҳкор ўз гуноҳли ишларидан юз ўгириб, тўғри ишларни қилса, у шундай қилгани учун яшайди» (Эзек 33:19). «Соат бешларда чиқиб, бекор турган яна бошқаларни кўрибди-да: — Нега сизлар бу ерда кун бўйи бекор турибсизлар? – деб сўрабди.» (Мат 20:6). Чиндан ҳам Худованднинг иши билан шуғулланмаслик, У истаганидай яшамаслик бекорчиликдай гап.
Narrator 1 Худованд йўлида қилмаётган ҳар бир ишингиз беҳудадир. Ўзининг бекорчи ишларидан воз кечган инсон Худовандга юз буради ва шундай қилгани учун яшайди ҳам. Исо Масиҳ айнан биз гуноҳкорларнинг гуноҳини ўз елкасига олиш ва биз учун тўлов тўлаш мақсадида ерга келмадими? Шундай экан, Унинг олдига борган ҳар қандай гуноҳкорни У қувиб чиқармайди. Унинг Ўзи бу ҳақида шундай дейди: «Отам кимни Менга берган бўлса, Менинг олдимга келади. Олдимга келган одамни эса сира қувиб чиқармайман» (Юҳ 6:37). Инсон ҳаётида қилган гуноҳли ишларидан афсуслана бошласа, бу унинг Худованд томон юз бурганидан далолат. Фақат бундан буёғига тўғри йўлдан кетса бас. Худованд уни кечиради. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Чунки «Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур». (Рим 10:13).
Narrator 2 Инсон ҳёат экан, Худовандга истаган дақиқасида юз буриши мумкин. Буни кимдир англамайди ва шу сабаб Худовандга юз бурмайди. Кимдир англаса ҳам ўз йўлини маъқул кўради. Бироқ англаб туриб ўз йўлидан боришни маъқул кўрганлардан кўра Худованд яқинида ва кечиримли эканини англамай туриб, кейин Худовандга юз бурганларнинг тақдири яхшироқдир. Аммо ҳеч қачон Худованд олдига боришга кеч эмас. Калом шундай дейди: «Агар сен Исони Раббим деб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Худо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан…. Тавротда ёзилганидай: «Унга эътиқод қилган ҳеч кимса уятга қолмас». (Рим 10:9,11). Инсон ҳаёти давомида Худони англамай, гуноҳ қилган бўлса ҳам, Унга юз бурган ва тавба қилган инсонни Худованд албатта кечиради. Худога юз буриш, Унга итоат қилишнинг эрта-кечи йўқ.