2:58

Солиҳлик мукофотланади

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бу дунёда қилинган яхшилик ҳеч қачон изсиз кетмайди. У албатта кимдир орқали яна ўзингизга қайтиб келади. Бу асрлар давомида ўз тасдиғини топган ҳақиқат. Шунинг учун ҳам қарилар: «Яхшилик қил-у, сувга ташла…» — дейишган. Сув айланиб барибир, яхшилик қилувчининг устига тушади. Ҳаётда фақат яхшилик қилиб яшаш инсонга ҳотиржамлик, яқинларига ажойиб сабоқ беради. Аммо шунинг ўзи етарли эмас. Яхшилик қилиш бу ҳали Худованднинг амрларига амал қилиш дегани эмас. Худованднинг амрларига амал қилган киши яхшилик қилишда, итоатда тенги йўқ ҳисобланади. Бундай инсон эса мукофотга лойиқ. У ўз мукофотини Худованддан олади. Қилган яхшилиги учун инсонлардан мукофот таъма қилинмайди. Бу учун Худованднинг алоҳида мукофоти бор.

Narrator 2 Худованд қадимги пайғамбарлардан бири Дониёр пайғамбарга берган ваҳийсида шундай деган эди: «Донолар мусаффо осмон каби яшнайдилар, одамларни ҳақ йўлга солганлар эса юлдузлар каби мангу порлайверадилар» (Дон 12:3). Доно ва инсонларни ҳақ йўлга бошлайдиганлар инсонлар Худованд томонидан тан олинади. Бундай одамларнинг мукофоти яшнаш ва порлаш бўлади. Яна охирзамонда Масиҳнинг келиш пайтида ҳар бир солиҳ ва яхшилик қилувчи инсон ўзига тегишли мукофотни олади. Калом шундай дейди: «Инсон Ўғли Ўз Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келишида, ҳар кимни ўз қилмишига яраша тақдирлайди. »(Мат 16:27). Қизиқ Худовандга итоат қилган, солиҳ инсонларни Масиҳ қандай тақдирлар экан?! Фақат охирзамонда эмас, Худовандга итоат қилганлар бу дунёнинг ўзидаёқ мукофотланади.

Narrator 1 Худованд Ўз Каломи орқали шундай деган: «Худо Шоҳлиги йўлида…ҳар бир киши бу дунёдаёқ қат-қат яхшиликлар топиб, у дунёда эса абадий ҳаётга муяссар бўлур» (Лук 18:30). Худовандга итоатда яшайдиганлар, Унинг йўлидан ўнгга ҳам чапга оғишмай яшайдиганлар у дунёда абадий ҳаёт билан тақдирланишидан олдин, бу дунёдаёқ, Худованднинг қат-қат яхшиликларини кўришга муяссар бўлади. Ҳаётда ёмонлик қилмай яшашдан ташқари Худованднинг йўлида яшаш инсонга кўп яхшиликлар келтиради. «Экувчи ва суғорувчининг моҳияти бир, ҳар бири мукофотни ўз меҳнатига яраша олади» (1 Кор 3:8). Чиндан ҳам ҳар бир киши қилган меҳнатига яраша мукофотини олади. Бу дунёда ким мўл-кўл яхшиликлар қилса, Худовандга астойдил итоатда бўлиб яшаса, шунга кўра қат-қат яхшиликлар кўради.

Narrator 2 Ҳалқимизда шундай нақл бор. «Ҳар ким экканини ўради». Чиндан ҳам шундай. Ким мўл экса, мўл йиғиб олади. Ҳасислик билан кам уруғ қадаган бўлса, шунга кўра ҳосил олади. Муқаддас Калом ҳам бу ҳақида шундай дейди: «Шуни унутмангки, қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади. … Сизлар ҳамма вақт ҳамма нарсага тўла қаноат ҳосил қилиб, турли хайрли ишларга бой бўлишингиз учун, Худо сизларни ҳар турли ноз-неъматларга бой қилишга қодир». (2 Кор 9:6,8). Ким нима иш қилмасин, қилган ишига яраша мукофот бу дунёдаёқ берилади. Ундан ташқари охирзамонда Худованд ундайларни мукофотлар билан тақдирлайди. Ваҳий китобида Худованд шундай дейди: «Мана, Мен тез келаман, қаримтам Ўзим билан. Ҳар кимга қилмишига яраша сазо бергумдир.» (Ваҳий 22:12). Шундай экан, Яратгувчининг амрларига амал қилиб, мукофотингизни олинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top