Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Бундан кейинги ҳаётимиз, атроф муҳитимиз ва олаётган ҳавомиз мусаффо бўлишини истасак, ҳозирданоқ фарзандларимизга «яшил ҳаёт»да яшаш қандай бўлиши кераклигини экологик тоза ва тартибли ҳаёт кечиришни ўргатишимиз керак бўлади. Бироқ бунинг учун энг аввало бундай ҳаёт кечиришни ўзимиздан бошлашимиз керак. Биз фарзандларимизга қандай тарбия берсак улар шунга ўрганишади. Ривожланган мамлакатларда баъзи истеъмол қилинган махсулотларнинг қутилари, идишлари ва ўрамлари қайта ишловга топширилади. Бунда халқнинг ўзи жуда фаол иштирок этади. Улар бундай чиқиндиларни ахлатга ташламай, тахлаб олиб қўядилар ва махсус қабул қилиш пунктларига топширадилар. Сиз ҳам оилада мана шундай тежамкор бўлишни, бу билан атроф-муҳитга ёрдам беришни бошланг.
Narrator 2 Фарзандингиз билан кераксиз газета, журналларни йиғинг. Буни ўйин сифатида ташкил этишингиз мумкин. Ҳар бир топилма учун балл бериб борасиз. Маълум балл йиққан болаларга совға беришингиз мумкин. 7-9 ёшдаги болаларга телевизор пулти, ўйин қурилмалари, фотоаппарат батарейкаларини алмаштираётганда уларни фарзандларингиз билан биргаликда қутига солинг. Яхшиси, кўп маротаба ишлатилувчи қувват қурилмаси ва унга мос батарейкаларни сотиб олинг. Болангизга маиший қурилмалар батарейкасини алмаштиришни топширинг. 10-12 ёшдаги болаларга чиқиндини қайта ишлаш нима учун кераклигини ва бу жараён атроф-муҳитни тоза сақлашга ёрдам беришини тушунтиринг. Ҳар биримиз кераксиз чиқиндиларни қайта ишлашга бериб, ундан яна янги буюмлар ишлаб чиқаришга кўмаклашишимиз мумкинлигини уқтиринг. Фарзандингиз билан бирга ойна, кийим, қоғоз каби чиқиндиларни ажратиб, уларни қабул пунктларига олиб боринг.
Narrator 1 13-16 ёшдаги ўсмирлардан кераксиз нарсаларни ташлаб юбормасликни сўранг. Агар ўйлаб кўрилса, уларни бошқача қўллаш ёки дўстларга совға қилиши мумкинлигини тушунтиринг. Ўғлингиз ёки қизингиздан қоғозни тежаб ишлатишни, ўқиш учун керак бўлган ҳужжатларни чоп этиш қурилмасидан қоғознинг иккала тарафига чиқариш кераклигини ўргатинг. Уйингизнинг атрофини тозалашга фарзандларингизни ҳам жалб этинг. Улар маиший чиқиндилар атроф-муҳитга ва жониворларга зарар келтиришини билишсин.
Ҳаётимизни транспортсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Ҳар бир транспорт тури инсон узоғини яқин қилиш учун яратилган.
Narrator 2 Лекин бу нарса инсонларнинг кам ҳаракат бўлиб қолишига ва носоғлом ҳаёт тарзи юритишига сабаб бўлмоқда. Шундай ҳаёт тарзини юритмаслик учун фарзандингиз билан кўпроқ пиёда юринг. Кун ва ҳарид тартибини тўғри ташкил этсангиз, машинада камроқ юрадиган бўласиз. Мактаб уйингизга яқин бўлса фарзандларингизга у ерга пиёда бориб келишга ўргатинг. 10-12 ёшдаги фарзандларингизни эса очиқ ҳавода спорт билан шуғулланишга, велосипед ҳайдашга, роликда учишга, дўстлари билан сайр қилишларига рухсат беринг. Ўсмир ёшдаги фарзандларингизга эса атроф-муҳитга зарар етказадиган одатлардан тийилишни ўргатинг. Масалан кўчага қоғоз, писта пўчоғи ва яна бошқа нарсаларни ташламасликни аксинча уларни махсус идишларга солишда ўзингиз намуна бўлинг. Бундай тарздаги экологик маданият инсонни яна ҳам гўзал қилишини унутманг.