3:00

Келишмовчиликлар

MP3

Narrator 1 «Аёл 6-7 яшар қизи айтганини қилмагани учун орқасига шапатлаб жазолайди. Қизча йиғлайди. Шу пайт дадаси келади. Қизча онасидан шикоят қилиб дадасига боради. Эр фарзандлари олдида аёлини уришади. «Агар яна бир марта қизимга қўл кўтарсанг, қўлингни узиб оламан». Отадан бундай ҳимояни кўрган қизалоқ, ҳар сафар онаси унга қаттиқ гапирганда, ёки урмоқчи бўлганида, дадамга айтиб бераман, дея таҳдид қилади». Ассалому алайкум. Бу жуда табиий ва аянчли воқеа. Табиий деганимиз, мана шундай оилалар бор. Юқоридаги воқеа қаҳрамони менинг қўшним. У фарзанд тарбияси ҳақида жуда яхши билади. Қизларини ҳозирдан рўзғор ишларига ўргатишни, келажакда саришта ва меҳрибон қизлар бўлиб улғайишини истайди. Аммо, фарзанд тарбиялаш борасида турмуш ўртоғи билан фикрлари бир жойдан чиқмайди.

Narrator 2 Бундай оилалар кам дейсизми? Атрофга қаранг, бундайларнинг саноғини тополмайсиз. Болакайлар кичиклигидан жуда айёр бўлишади. Ота ёки онанинг муносабатига қараб туриб, иш тутишади. Улар онасининг ёки отасининг заифлигидан фойдаланиб, ўзларининг айтганларини қилдирадилар. Боланинг мана шундай ота-онани бошқаришига асло йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг учун эр-хотин тарбия усули бир хил бўлиши керак. Деярли ҳар бир хонадонда мана шундай муаммога дуч келасиз. Баъзи оилаларда она қаттиқўл ва талабчан, ота меҳрибон, бошқаларида она ҳаддан ташқари юмшоқкўнгил ота қаттиққўл. Ҳар иккала ҳолат ҳам бола тарбиясига тўғри келмайди. Ота-она фарзандини тарбия қилар экан, ҳар иккиси ўзаро келишган ҳолда, меъёр билан иш кўрмоғи лозим.

Narrator 1 Агар она ҳадеб фарзандининг ёнини олаверса, охир-оқибат фарзанд тарбиясига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ота, бу ишга қўл силтайди. Оталарни фарзанд тарбиясига аралаштиришнинг энг яхши йўли – бу ота фарзандни ўзича тарбияламоқчи бўлганида аралашмасликдир. Кўп ҳолларда она оналик меҳри билан эри фарзандини қаттиқ жазолаётганига чидай олмайди. У фарзандининг жони оғриётганини қабул қила олмайди. Фақат фарзандига яхши бўлиши истайди. Бундай пайтда она учун ота буюрган ишнинг қилинмагани эмас, фарзандининг азоб чекмаслиги муҳимроқ. Шундай бўлса ҳам она чидашга куч топиши керак. Акс ҳолда ўртада келишмовчилик пайдо бўлиши мумкин. Отанинг мана шундай қаттиққўллик билан жазолаши фарзандини кейинги сафар отага итоатли бўлишга ўргатади.

Narrator 2 Ўртадаги фарзанд тарбияси бўйича келишмовчиликни эса фарзандлар кўзидан нарида ўтириб, келишиб олишлари зарур. Агар ота-она фарзанд тарбиясида бир тўхтамга кела олмасалар, фарзандлар ҳам икки ўртада сарсон бўладилар. Она фарзанддан бошқа нарсани сўрайди, ота бошқа нарсани. Уддабурон фарзандлар мана шу ҳолатдан ҳам ўзига фойдали томонни чиқариб олади, бўшроқ ва ҳис-туйғуга бой фарзандлар эса сиқилиб қолади. Бу вазиятда яна азият чекадигани фарзанд бўлиб қолаверади. Ота-она эса ҳар сафар яна ўша келишмовчиликка дуч келади. Шунинг учун ҳам ота-онанинг ўтириб ақлли қарорга келиши ва кейин бола тарбиясида шу қарорни амалга ошириши жуда ҳам зарур. Бу қарордан қайтмаслик, бола тарбияда жуда ажойиб меваларни беради. Хуллас, эр-хотин фарзанд тарбиялар эканлар, мумкин қадар бир-бирлари билан келишиб, хатоларини тўғрилаб, фарзандининг келажаги учун ҳаракат қилишлари керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top