Narrator 1 Ассалому алайкум. Фарзандлар жуда кузатувчан бўладилар. Икки аёл бир-бири билан суҳбатлашар экан, ҳазиллашиб: «Магнитафон ёзиб олаяпти», — деб кулишади. Бу ҳазил албатта, аммо фарзандлар чиндан ҳам ота-онасининг ва катталарнинг ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатадилар ва улардан ўрнак оладилар. Ота-онанинг бир-бирига муносабатидан фарзандлар хулоса чиқарадилар ва шунга кўра ота-онага муносабатда бўладилар.
Баъзи оилаларда она отанинг ўзига нисбатан қилинган адолатсизлигини ҳазм қила олмай, ота йўқлигида фарзандлар олдида отасига беҳурматликни сўзлари ва ҳаракатлари билан кўрсатиб қўяди. Онадан ҳадеб шундай сўзларни эшитган фарзандлар ҳам аста-секин отага шундай муносабатда бўладилар. Улар онам яхшироқ отам кўп хато қилади, отам мукаммал, мен ўрнак олишим керак бўлган одам эмас, деб ўйлашади.
Narrator 2 Шундай муҳитда ўсган болалар оталарини чин дилдан ҳурмат қилмай қўядилар. Ëки аксинча бўлиши мумкин. Отанинг онага ҳадеб ҳақоратли сўзларни ишлатиши фарзандларнинг она ҳақидаги фикрини ўзгартиради. Шундай оилалар борки, эрлар хотинларига болаларнинг кўз ўнгида: «Тупойсан», «Товуқчалик ақлинг йўқ» «Бефаросат», каби сўзларни ишлатадилар. Бу сўзлар тез-тез такрорланавергач, болалар чиндан ҳам онам ақлсиз, кўп нарсага ақли етмайди, деб ўйлайдиган ва шунга кўра ҳаракат қиладиган бўладилар. Оилада қайси инсон ҳадеб беҳурмат қилинса, фарзандлар ҳам ўша инсони ҳурмат қилмайди. Унга итоат қилмайди. Бундай оила ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириши керак бўлади.
Narrator 1 Баъзи оилаларда ота-она эмас, буви ва бува ҳукмрон бўлади. Бундай оилаларда асосан бувининг ва буванинг айтганлари бажарилади. Она қанчалик фарзандлари учун куйиб-пишмасин,(тарбия борасида албатта) бобо-бувининг эркалашлари болани талтайтириб юборади. Она боласини койиса болакай дарров бобосига ёки бувисининг ёнига югуради. Бу ҳам оилада носоғлом тарбия шаклланишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатларда бобо-буви ва ота-она келишиб бир тарбия усулини танлаши ва ҳаммалари шунга кўра ҳаракат қилишлари керак. Она болани ёмон иши учун койиганида бобо-буви, бобо-буви койиганида ота-она аралашмаслиги керак. Шунда болакай ҳаммасини бирдай ҳурмат қиладиган, ҳаммасига бирдай итоатли бўлиб вояга етади.
Narrator 2 Бироқ энг муаммоли нарса катталарнинг келишиб ишлаши. Бобо-бувилар ота-онадан кўра анча катта. Улар ота-онанинг ота-оналаридир. Улар ҳар ҳолда фарзанд тарбиясида анча мунча нарсани биладилар. Улар ўз тажрибаларини ва билимларини ёш ота-онага ўргатишлари мумкин. Ёш ота она уларга жуда тез ўрганади ва натижада бир оила бўлиб ҳеч қандай келишмовчиликларсиз фарзандлар тарбия қилинади. Бу жуда яхши. Бироқ бобо-буви нотўғри тарбия усулини танлаган бўлсалар-чи?! Вақтида ўз фарзандларини тергаб-койиган бўлсалар-да, энди «ўригидан мағизи ширин» мақолига амал қилиб, невараларини ҳаддан ортиқ эркалаб юборишади. Энди уларни тўғри қарорга кўндириш қолди. Бундай пайтда энг аввало фарзанднинг ота-онаси бир тўғри тарбия усулини танлаб шу қарорда собит туришлари ва ота-оналарини ҳам шунга кўндиришлари керак. Бунга қанча вақт кетса ҳам ота-она қарорларидан қайтмасликлари керак бўлади.