Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугун инсон қобилияти ва уни Худо йўлида ажойиб тарзда ишлата олган инсонлар ҳақида суҳбатлашамиз. Инсон табиатан қобилиятли қилиб яратиладими ёки маълум бир вақт ўтгач, Худованд томонидан қобилият бериладими? Бу саволга жавоб бериш осон эмас. Унисини ҳам бунисини ҳам тўғри дейиш мумкин. Масалан, кичкинтойларни кузатсангиз, уларнинг у ёки бу нарсага қобилиятли эканини англаб қолишингиз мумкин. Шу борада унинг қобилияти ўстириб борилса, келажакда жуда ҳам ажойиб мутахассис етишиб чиқиши мумкин. Баъзиларда эса бошқача ҳолат юз беради. Масалан, киши балоғат ёшига етгунча ўзида бирор бир қобилият борлигини сезмаслиги мумкин, бироқ бир ҳодиса сабаб бўлиб, ўзидаги қобилиятни қисқа фурсат ичида юзага чиқариб олиши ҳам учраб турадиган ҳолатлардан ҳисобланади.
Narrator 2 Хуллас инсон қобилияти ўзининг келажагига ва атрофдагиларга наф бериши учун ишлатилиши керак. Бугун Худованд инсонларга қандай ва нима мақсадда қобилият бериши ҳақида батафсилроқ суҳбатлашамиз. Масалан, Мусо пайғамбар даврида икки ҳунарманд уста яшаган. Улардан бири Базалил эди. У Яҳудо қабиласидан бўлган Ури деган кишининг ўғли, Хур деган мўйсафиднинг набираси эди. Уни Худо назарига тушган уста дейиш мумкин. Каломда у ҳақида шундай дейилган: «Эгамиз уни Ўз Руҳи билан тўлдириб, қобилият ато қилди. Уни ажойиб бадиий безаклар қилишга ва буларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга, қимматбаҳо тошларни ўйиб ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатли қилди.» (Чиқ 35:31-33)
Narrator 1 Худованд Ўзи учун ясаладиган Муқаддас Чодир учун аллақачон усталарни танлаб қўйган эди. Фақат бундан усталарнинг ҳали хабари йўқ эди. Чиндан ҳам инсон ҳаётида, айниқса имонлилар ҳаётида шундай воқеалар тез-тез содир бўлиб туради. Худованд бир инсонни қайсидир бир иш учун танласа, уни узоқ вақт шу ишга тайёрлаб боради. Вақти-соати келганида эса ўша иш топширилади. Базалил билан ҳам шундай бўлганига ишончимиз комил. Ўшанда Худованд Маъбади учун ўта маҳоратли, юрагида ўти бор, Худовандга садоқатли усталар лозим эди. Маъбадни покдил ва итоаткор инсон ясаши Худованднинг истаги эди. Базалил эса ана шундай кишилардан бири бўлган. Шунинг учун ҳам Худованд у ҳақида шундай деган: «Ана, Мен Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли… Базалилни танладим. Уни руҳим билан тўлдириб, хунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир, идрокли қилдим, қобилият ато қилдим.» (Чиқ 31:1-3)
Narrator 2 Мана шундай эътибор ва қобилиятга эга бўлган Базалилга фақат ҳавас қилиш мумкин. Одатда усталар бир йўналишда иш олиб боришади. Масалан, косиблар фақат чарм билан ишлаб, турли пойабзаллар яратишади. Ўймакор усталар ёғочдан нарсалар ясаб, уни безатишга моҳир бўладилар. Аммо Базалил Худовандга шунчалик маъқул келган эканки, уни Худованд ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир ва идрокли қилиб, қобилият ато қилибди. Уни жуда меҳнаткаш ва изланувчан инсон бўлган дейишимиз мумкин. Чунки Худованд қобилият ва ҳунарларни ўрганиб, уқиб олишга идрок беради, қолгани ҳаммаси инсоннинг қўлида. Агар ҳунарманд, изланувчан ва меҳнатдан қочмайдиган бўлса, тез орада Худованд қайси соҳада идрокли қилган бўлса, ўша соҳанинг моҳир устаси бўлиб етишади. Базалил ана шундайлардан эди.