Narrator 1 Ассалому алайкум. Агар ёдингизда бўлса, ўтган сафарги суҳбатимизда Гивонликларнинг омон қолиш учун айёрлик қилгани, бошқа жануб шоҳлари эса қўшинларини бирлаштириб, Исроил халқига қарши жангга тайёрланаётгани ҳақида гапирган эдик. Бугун айнан мана шу Амор лашкарлари ҳақида гаплашамиз. Амор халқларининг бешала шоҳлари Гивонликларнинг Исроил халқи билан сулҳ тузганини эшитиб, уларга қарши жанг қилишга келишиб олишди. Шунда Қуддус шоҳи, Хеврон шоҳи, Ярмут шоҳи, Лахиш шоҳи ва Эглон шоҳи – Амор халқларининг бешала шоҳлари кучларини йиғиб Гивонни ўраб олдилар.» (Ëшуа 10.) Гивонликлар жуда катта ерларни эгаллаб турган халқ эди. Гивон шаҳри жуда улкан шаҳар бўлиб, ўз шоҳига эга бўлган шаҳарлардай катта, Исроил халқи босиб олган Ай шаҳридан ҳам катта эди.
Narrator 2 Ундан ташқари Гивон аҳолисининг барча эркаклари жуда ҳам моҳир жангчи эдилар. Агар улар Исроил халқига қўшиладиган бўлса, Исроилликларнинг қўли яна ҳам баланд келиб, олдинда турган шохликларга катта хавф соларди. Шунинг учун ҳам Амор халқлари шоҳлари бирлашиб, Гивонликларни йўқ қилмоқчи бўлишди. Гивонликлар эса Ëшуага хабар юборишди: «Қирлардаги ҳамма Амор шоҳлари ўз қўшинлари билан бизларга қарши йиғилишди. Қулларингизга ёрдам беринг. Тез келиб бизларни қутқаринг». Ëшуа хабарни эшитиб, бутун лашкари билан Гилгалдан чиқди. Уларнинг орасида энг зўр жангчилар бор эди. Эгамиз Ëшуага шундай деди: «Улардан қўрқма, уларни сенинг қўлингга берганман, уларнинг бирортаси ҳам сенга бас кела олмайди.» (Ëшуа 10) Ëшуа ўз лашкари олиб туни билан йўл босиб, Амор қўшинларининг устига тўсатдан бостириб борди.
Narrator 1 Бутун Исроил лашкари олдида Эгамиз Амор қўшинларини ваҳимага солди. Исроил лашкарлари Гивонда уларнинг кўпларини қиличдан ўтказди. Байт – хўрон деган жойга чиқадиган йўл билан қувиб, то бошқа бир ерга етгунча йўлда Амор қўшинларини йўқ қилди. Амор қўшини Исроил лашкарларидан қочиб, қирлардан пастга тушаётганида, Худованд осмондан уларнинг устига йирик дўл ёғдирди. Уларнинг кўплари дўл остида ҳалок бўлди. Исроил лашкарларининг қиличидан ҳалок бўлганларга қараганда, дўл остида қолиб ўлганлар сони кўпроқ эди. Амор лашкарлари Гивонликларнинг қилган ишидан ҳам сабоқ олишмади. Худованд Ўз халқига қарши чиққан ҳар бир халқни, лашкарни бутунлай йўқ қилиши ҳақида Муқаддас Китобда жуда ҳам кўп ёзилган. Амор лашкарлари шундай қилишга ҳаракат қилиб кўрган биринчи халқ эмас эди. Улардан олдин ҳам жуда кўп шоҳлар Исроилга қарши қўшин тортган.
Narrator 2 Худованд сиз билан экан, ҳеч нарсадан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Сиз Худованд буюрганидай иш тутаяпсизми? Унинг амрларидан четга чиқмаяпсизми? Агар шундай қилаётган бўлсангиз, ҳеч нарсадан ташвиш қилманг. Йўлингиздан чиқадиган муаммоларни, сизга қаршилик қиладиганларни Худованднинг Ўзи худди Исроил халқининг душманларини уларнинг йўлидан олиб ташлагандай, сизнинг йўлингиздан олиб ташлайди. Сизга тўғаноқ бўлишга ҳаракат қилаётганлар худди Амор лашкарлари аҳволига тушади. Амор лашкари Худонигн буюклиги, Ўз халқи бўлган Исроилни ҳимоя қилишини билиб туриб ҳам, уларга қарши чиқишга қарор қилди. Биз ўқиётган Калом у ерда ёзилганлардан тўғри сабоқ олишимиз учундир.