3:10

Худбинлик

MP3

Ассалому алайкум. Худбинлик ва оналик. Сизнингча бу икки сўз бир-бирига тўғри келадими? Асло йўқ. Она деганда худбин зот кўз олдимизга келмайди-ку?! Она бор-йўғини фарзандига қурбон қила оладиган, унинг учун жонини ҳам беришга тайёр бўлагн зот. Аммо нима қилайликки, биз ҳам оддий инсонмиз. Баъзан ўзимиз билмаган ҳолатда худбинлик қилиб қўямиз. Худбинлик бу энг биринчи ўринда, ўзи, ўз фойдаси, ва қизиқишларини ўйлаш деганидир. Хўш оналарда бу нарса бўлмайдими? Албатта бўлади. Тасаввур қилинг, энг севимли сериалингизни томоша қилиб ўтирибсиз, фарзандингиз эса келиб, чизаётган мушукчасининг танаси яхши чиқмаётганидан нолийди. Нима қиласиз. «Бор қандай бўлса, шундай чизавер. Қўлингдан келганича чиз дейсиз.» Фарзандингиз эса сиздан, унинг олдига келиб, мушукчанинг танасини чизишга ёрдам беришингизни кутганди. Мана сизга худбинликка бир мисол. Ëки бўлмаса, кун бўйи ҳолдан тойган танангиз эндигина, кўрпа остига кириб, дам олаётганди. Кундалик ишлардан тиниб, мазза қилиб ётибсиз. Шунда бошқа хонадан фарзандларингиздан бири ингради. Ўзингизни эшитмаганликка оласиз. Бироздан сўнг яна ингради. Шунда ўйлайсиз: «Бугун ўғлим унча яхши ўйнамади, истимаси чиқиб қолдимикан?» — деб ўйлайсиз, ички оналик ҳисси билан. «Туриб, истимасини текшириб қўйиш керак. Ёки чанқадимикан, балки тўсиб қўйиш керакдир? Лекин ҳеч ҳам ўрнимдан тургим келмаяпти. Агар яна бир марта инграса, кейин тураман. Эй Худойим, илтимос менга ёрдам бергин, жуда, жуда дам олгим келаяпти. Болам бошқа инграмасин.» — дейсиз. Бу фақат сизда бўладиган ҳол эмас. Бу ҳамма оналарнинг ҳаётида учрайдиган ҳолат. Фарзандингиз инграган, ёки йўталган заҳоти туриб чиқишни истамаслигингиз бу сизнинг худбинлигингиз нишонасидир. Баъзан дугонангиз билан телефонда роса қизиқ бир нарса хусусида гаплашаётганингизда, фарзандингиз иштонини ҳўллаб қўяди, ёки ҳожатхонадан туриб сизни чақиради. Шу дамда сиз мазза қилиб гаплашишни, ёки бўлмаса, ўзингиз истаган иш билан шуғулланишни истайсиз, аммо болаларнинг сизни бўлиши, ўта ёқимсиз туюлади. Бизни аччиқлантиради. Худога нолиймиз, фарзандларимизга аччиқ қиламиз. Аммо аслида фарзандларимизга керак бўлганимизда доимо уларнинг ёнида эканимиздан, Худо бизга шу фарзандларни ишониб топширганидан хурсанд бўлиб Унга шукр қилишимиз керак. Бироқ биздаги худбинлик буни ўша онда ўйлашимизга йўл қўймайди. Дунёга назар солсангиз, дунё сизга «ўз ишларинг билан шуғулланишга ҳаққинг бор», «сен ҳам инсонсан» «ҳозир ўзинг истаганча яшамасанг, кейин қандай яшайсан», — каби фикрларни миямизга уқтиради. Шу фикрларга ишониб, ҳаётимиздан, фарзандларимиздан нолиймиз. Ўзимизга кўпроқ вақт ажратгимиз келади. Аммо шу ерда оналар жуда тўғри келадиган бир оятни эслатиб ўтишим керак: «Сизларга ростини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради. Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонини аямаса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади» (Юҳ 12:24-25). Дунё биз оналарга «яша» дейди. Исо Масиҳ эса «Ўзинг учун ўл» дейди. Агар фарзандларимиз келажакда яхши инсонлар бўлиб етишишини истасак, бугун ўзимизни унутишимиз ва улар учун яшашимиз керак. Шунда келажакда яхши хосилга эга бўламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top