MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун Исо Масиҳ даврида гуноҳкор деб саналган инсонлар ҳаётини ва уларнинг бугунги кундаги инсонлар билан фарқини кўриб чиқамиз. Исо Масиҳ Ўз хизматини бошлаган пайтларда, тақводорлар ва уламолар Исонинг шогирдларига таъна қилишди:«Нега сизларнинг устозингиз дайдилар ва гуноҳкорлар орасида ўтирибди?!» Фарзийлар ва уламолар Исо Масиҳни доимо гуноҳкорлар билан бирга еб-ичишда айблашарди. Бир савол туғилади: Ким эди ўша гуноҳкорлар? Улар қандай одамлар эди? Келинг, буни таҳмин қилиб кўрамиз. Улар Қонун китобида белгиланган қоидаларга амал қилмаган кишилар бўлган. Уларнинг қонун китоби бўйича яшамаслиги қилган ишларидан, сўзларидан, ҳаёт тарзидан билиниб турган.

Narrator 2 Шунинг учун ҳам фарзийлар ва уламолар уларни гуноҳкорлар деб ажратиб қўйишган. Бундайлар билан ўзларини художўй деб ҳисоблаган кишилар мулоқотда бўлмаганлар. Улар таҳминан мана шундай кишилар бўлишган: ўғрилар, фоҳишалар, шаробхўрлар, меҳнат қилишни истамайдиган дангаса бекорчилар, ўз уйи ва оиласи ҳақида ғамхўрлик қилмайдиганлар, ғийбатчилар, Худованд уйига қатнамайдиганлар. Бундай одамлар чиндан ҳам ҳатти-ҳаракатлари, яшаш тарзи билан бошқалардан ажралиб қолганлар. Улар қонунни яхши билгани ҳолда, ўзларини гуноҳ қилишдан тия олмаганлар. Бундайлар чиндан ҳам ўзларининг ночорлигини тан олиб, гуноҳ қилишда давом этган.

Narrator 1 Нега Худованднинг уйига бормаган? Ўзини чиндан ҳам гуноҳкор ва Худо марҳаматига нолойиқ ҳис қилган ҳар бир гуноҳкор, иккиюзламачилик қила олмайди. Шунинг учун ҳам бундайлар ўзларини Худо уйига боришга нолойиқ деб ҳисоблаганлар. Ундайлар чиндан ҳам Масиҳнинг ҳамдардлигига, ёрдамига ва нажотига муҳтож эдилар. Исо Масиҳ буни яхши англагани ҳолда, уларга яқинлашарди. У Худовандга муҳтож, тавба қилишга тайёр бўлган юракларни ҳис қиларди. Унга яқинлашганлар эса, қалбларига шифо топиб, гуноҳларидан озод бўлардилар. Тақводорлар эса Исо Масиҳни гуноҳкорлар билан еб-ичишда айблашган. Ўйлаб қоласиз, ўша пайтдаги тақводорлар ва фарзийлар гуноҳкор эмас эдиларми? Исо Улар ҳақида шундай дейди:

Narrator 2 «Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю товоқнинг сиртини тозалайсиз-у, аммо ичингиз талончилик ва ёвузликка тўлиб тошади. … Сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил сабзавотдан ушр берасиз-у, аммо ҳаққоният ва Худо севгисига бепарвосизлар! Буларнинг барини бажара туриб иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак.» Исо Масиҳ уларни ҳам гуноҳкор деб биларди, аммо улар ўзларининг гуноҳкор эканликларини сезмасди. Ундайларнинг юраги Худованддан узоқда бўлади. Бугун ҳам шундай кишилар бор. Улар гуноҳга мойил бўлиб, Худованд инояти ва марҳаматидан узоқда яшайдилар. Улар ўз гуноҳли табиатини енга олмай қийналадилар. Улар софдил аммо гуноҳ қаршисида ожиздирлар. Бундайларга Худованд ёрдам бериш учун қўлини чўзиб турибди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top