Ассалому алайкум, меҳрибон ва кечиримли оналар. Болалар Худонинг кечиримини ҳис қилишдан олдин, ота-онаси орқали кечирим нималигини билишади. Кечирим ҳақида болаларнинг қанчалик тўғри фикрлаши, ота-онага боғлиқ. Худонинг кечиримини олган ота-она фарзандига ҳам кечирим нималигини англатиши керак. Худо бизни кечиргани заҳоти, «қилмишларимизни текислаб» ёмонликларимизни, гуноҳимизни бошқа эсга келтирмайди. Биз ҳам фарзандларимиз қулоқсизлик қилганида «Сени кечираман», — деб, қилган ишига яраша жазо бериб, кейин унга яна худди ҳеч ёмон иш қилмагандек муносабатда бўлинг. Ҳатто фарзандингизнинг қилган ёмон иши ёдингиздан чиқмаса ҳам, бу хотира сизнинг фарзандингиз билан ўртангиздаги муносабатга ёмон таъсир қилмаслиги керак. Агар сиз ҳадеб болангизга қилган ёмон ишини эслатаверсангиз, уни кечирмаган бўласиз. Бола ҳам ўзини кечирилган деб ҳис қилмайди.
Ëдимда, бир куни дугонам билан телефонда гаплашиб турган эдим, бирданига бошқа ҳонадан қасир-қусур овоз эшитилди. Дугонам билан тезгина хайрлашиб, овоз келган хонага шошдим. Борсам, дераза токчасида турган чиройли гулим, ағдарилиб, туваги чил-чил бўлибди. Нам тупроқ гиламда ёйилиб ётарди. Ўзимни босиш учун ичимда ўнгача санай бошладим. Шунда ўғилларимдан бири: «Ойижон, тувакни мен синдирдим. Ўйнаётганимизда беҳосдан тегиб кетдим. Кечиринг», — деди. Унинг мана шу софдиллиги, айбини яширмай тан олганлиги ва оҳирида менинг кечиримимга муҳтож ҳолда қараб тургани кўнглимни юмшатди. Аслида бу уришадиган нарса ҳам эмасди. Буни атайлаб қилмагани маълум эди. Шу дамда Худонинг кечиримини яна ҳам аниқроқ тушунгандай бўлдим. Ўша дамда ўғлим эмас, мен Худонинг олдида қилган хатоларим ва гуноҳларим учун кечиримга муҳтож ҳолда тургандай эдим. Ўша заҳоти миямда ҳаворий Павлуснинг сўзлари жонланди: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар» (Эф 4:32). Шу ҳаёллардан ўзимга келгач, ўғлимга: «Албатта кечираман» — дедим. Кейин эса гиламдаги тупроқни тозалашга киришдим. Фарзандларим ҳам менга ёрдам беришди.
Художўй она сифатида ҳар бир аёл ҳар ерда кечириш ҳақидаги оятни ёдда тутиши зарур. У Худонинг амрига амал қилган ҳолда, яқинларини ва бошқаларни кечириши керак. Фарзандларингизга кечирим беришни, уларни кечириш орқали ўргатасиз. Она сифатида кечиришни ўргатиш билан бирга, баъзан хато қилганингизда фарзандларингиздан кечирим сўрай олишингиз ҳам керак. Масалан, баъзида ўзингизни идора қила олмай, болаларга бақирганингиздан сўнг, бақирганингиз учун узр сўрашингиз керак: «Кечир, болажоним сенга бақирмаслигим керак эди» — дейишингиз мумкин. Хуллас, боланинг кечирим ҳақидаги тасаввури ва кечирим беришни ўрганиши ота-онанинг кечиримга бўлган муносабати ва болани кечириши орқали шакллланади. Болангиз ўз ака-укалари ёки опа-сингилларига ва бошқаларга кечиримли бўлишини истасангиз, сиз ҳам ўз фарзандингизга нисбатан кечиримли бўлинг. Қулай вақт топганингизда Худонинг Каломидан кечиримга оид оятларни биргаликда ўқинг. Бирга ибодат қилинг. Фарзандингизга ўрнак бўладиган она бўлинг.