MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Тасаввур қилинг, ҳаётингизда авваллари бўлмаган воқеа содир бўлди. Қаергадир бордингиз, сиз кутмаган ажиб бир ҳолат юзага келди. Бундан албатта таъсирланасиз ва завқ билан яқинларингизга сўзлаб берасиз. Шунга ўхшаш ва ҳатто бундан ҳам яхшироғи Исо Масиҳнинг шогирдлари билан содир бўлган эди. Исо Масиҳ ердаги ҳаёти давомида, бошлаган ишини давом эттирадиган, шу ишга лойиқ ва лаёқатли инсонларни Ўзига шогирд қилиб танлади. У инсонлар юрагини ва ниятини биларди. Шунинг учун ҳам У ўзига энг мос келадиганларни 12та қилиб танлаб олди ва уларни ҳаворийлар деб атади. Улардан ташқари Масиҳнинг кўплаб шогирдлари ҳам бор эди. Бу шогирдлар Исо Масиҳнинг сўзларини эшитиб, дилига туккан, Унинг илоҳий Зот эканига ишонган ва Унга итоат қиладиган кишилар эди.

Narrator 2 Каломда Исо Масиҳ шогирдларини хизмат сафарига юборгани ҳақида ёзилган:«Бу ҳодисалардан кейин Раббимиз Исо бошқа етмиш шогирдини танлаб, Ўзи ташриф буюрадиган ҳар бир шаҳар, ҳар бир жойга Ўзидан олдин бориб турсин учун уларни иккита-иккитадан юборди.» (Лук 10:1). Юбораётиб нима қилиш кераклигини уқтирди. Етмиш шогирд қаерга борсалар худди Раббий айтганидек қилдилар. Раббийнинг сўзларига асло шубҳаланмадилар. Натижада эса, улар кутганидан ҳам аълороқ воқеалар содир бўлди: «Етмиш шогирд қувонч билан сафардан қайтиб келиб Исога: — Раббий, Сенинг номингни тилга олсак, жинлар ҳам бизга бўйсунади-ку! – дедилар.» (Лук 10:17). Шогирдлар балки билмагандир, бироқ Исо Масиҳ уларни хизматга жўнатишдан олдин, уларга керакли ҳамма нарсани берган эди.

Narrator 1 Каломда ёзилишича, Исо Масиҳ уларга ёвуз кучлар қудратини енгиш иқтидорини берган. Келинг, худди шу жойини Каломдан ўқиб кўрамиз: «Исо уларга деди: — Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим. Мана, Мен сизларга илону чаёнларни эзиб ташлаш ҳамда душманнинг бутун куч қудратини оёқ ости қилиш иқтидорини берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди.» (Лук 10:18-19) Чиндан ҳам шогирдлар кетишларидан олдин мана шундай иқтидор эгаси бўлганларини билмаганлар. Улар шунчаки, Раббий Исо Масиҳнинг сўзларига итоат қилиб, У юборган жойларга бориб, У айтганидек қилган эдилар. Итоатлари муносиб баҳоланди. Улар қилган ишларидан завқ-шавққа тўлиб қайтишди.

Narrator 2 Аммо шогирдлар хурсанд бўлиши керак бўлган нарса бу эмас эди. Исо Масиҳ уларга шундай деди: «Бироқ руҳлар сизларга бўйсунаётганидан қувонманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан қувонинглар!» (Лук 10:20). Чиндан ҳам исмимизнинг осмонда ёзилиши, Худованд биз билан эканлигини билдиради. Келажакда бу ҳаётимиз ўтиб кетганидан кейин ҳам Худованд билан бирга бўлишимизни билдиради. Муҳими Худо билан бирга бўлиш, қолгани Худованд учун ҳеч нарса эмас. Ўша пайтдаги шогирдлар энг бахтли ва омадли инсонлар бўлишган. Улар ҳозир биз тасаввур қилганимиздек кам-кўстсиз, роҳатда яшамаган, бироқ қадим пайғамбарлар кўришни орзу қилган Исо Масиҳни кўрганлар ва У билан ҳамсуҳбат бўлганлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top