3:26

Кайфиятни кўтариш

MP3

Ассалому алайкум қадрли дугонажонлар. Ҳаёт бир текисда, хурсандчилик ва ўйин кулгу билан ўтмайди. Баъзан ҳаётимизда кутилмаган ҳолатлар, кайфиятимизнинг тушишига ва кучли депрессияга сабаб бўлади. Ҳаёт биз кутмагандай бўлмаслигини билсак ҳам, ҳаётимизда бўладиган салбий ўзгаришларни одатдагидай қабул қилмаймиз. Кунлармиз биз ўйлагандек тинч, фарзандларимиз соғ-саломат, турмуш ўртоғимизнинг ишлари жойида бўлганида, биздан бахтли инсон бўлмайди. Бу кунларда Худога шукр қиламиз, миннатдорчилик билдирамиз. Бироқ ҳаётимиз осмонида қора булутлар сузиб қолганида, Яратувчига шукр қилиш, бу кунлар учун миннатдор бўлиш қўлимиздан келмайди. Ўзимиз билмаган ҳолда нолиб қўямиз. Балки бу кунлар бизнинг фойдамизга эканлигини сезмаймиз. Нима ҳам дердик, ҳом сут эмган бандалармиз. Бу кунларда Худога яқинроқ бўлинг. У сизга ўргатмоқчи бўлган сабоқни ўтказиб юборманг. Бу кунлардан аъло даражада ўтиб олиш учун Худодан руҳий мадад сўранг. Биз эса сизга депрессияга қарши курашиш ва кайфиятингизни кўтариш учун баъзи маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Аёл киши осонгина депрессияга тушиши мумкин. Мабодо шундай ҳолатлар бошингизга тушгудай бўлса, ҳеч иккиланмай, ўз-ўзингизга байрам уюштиринг. Стрессдан ва сизни эзувчи депрессиядан қутулишнинг энг ёқимли муолажаси бу базм уюштиришдир. Кўнглингизга ёқадиган дугоналарингизни ёки қариндошларингизни меҳмонга чақиринг. Улар билан дилдан суҳбатлашинг. Ëқимли мусиқа тинглаб ҳордиқ чиқаринг. Рақсга тушишни ёқтирсангиз, мириқиб дугоналарингиз билан рақсга тушинг. Рақс юракдаги сиқилишни ва депрессияни қувишнинг энг яхши йўли. Мусиқа миядаги стрессни ювиб ташлайди. Тананинг бир маромда мусиқа садоси остида ҳаракатланиши, танадаги тарангликни бартараф қилади.

Депрессия чоғида аввал ҳеч ҳам шуғулланмаган, бироқ шуғулланишни истаган ишингиз билан шуғулланинг. Масалан баъзилар математик бўлса-да, ёшлигидан расм чизишни орзу қилган бўлса керак. Стерсслар чоғида ўзингизни рассомчиликда синаб кўринг. Ëки бўлмаса, кўп марталаб чанғи учишни истагансиз-у, ҳеч имкон бўлмаган. Дарҳол тоққа отланинг. Чанғи учишни ўрганинг. Аввал шуғулланмаган ишингиз билан шуғулланиш, сизга ёқимли ҳислар бағишлайди. Бундай қилишга имконингиз ёки истак бўлмаса, энг оддий усул табассумни қўлланг. Кўзгуга қараб, ўз-ўзингизга табассум ҳадя этинг. Руҳшуносларнинг фикрича, депрессиядан қутулишнинг самарали ва янгича усули бу – кулгитерапия экан. Ғамгин кунлардаги биринчи табассум инсоннинг юз мушакларини ҳаракатга келтиради, қон айланишини тезлаштиради, натижада эса мия фаол қон оқимини қабул қилиб, яхши кайфиятни юзага келтиради. Кулишни истамаган чоғингизда ҳам кўзгу қаршисида туриб, табассум қилинг. Кулгитерапиядан баҳраманд бўлиш қийин эмас. Бирорта комик китоб ёки латифалар олиб ўқишингиз, ёки бўлмаса комик филмлар олиб томоша қилишингиз мумкин. Бундай усулда ғамдан осон ва тез ҳалос бўласиз.

Кўпчилик аёллар ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлгани учун, зериккани учун депрессияга тушади. Шундай бўлса, кўзни каттароқ очиб, атрофдагиларга синчиклаб назар ташланг. Шунда баъзиларнинг аҳволи сиздан юз марта оғирроқ эканини кўрасиз. Шундай инсонларни кўрсангиз, имкон бўлса уларга ёрдам беринг. Шунда ҳаётингизда мазмун пайдо бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top