2:58

Шифокор маслаҳати

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ҳеч қаерингиз оғримаса, ўзингизни тетик ва бардам ҳис қилаётган бўлсангиз, жуда яхши. Инсон ҳар доим ҳам ўзини шундай ҳис қилавермайди. Ҳеч қаерингиз безовта қилмаса ҳам, ички аъзоларингизнинг ишлаш тартиби, уларга зарарли бўлган нарсалар ва сизга ҳужум қилиши мумкин бўлган ҳасталикларнинг олдини олиш ҳақидаги шифокор маслаҳатлари сизга ортиқчалик қилмаса керак. Биз ҳам шундай фикр қилиб, бугунги суҳбатимизни «Шифокор маслаҳати», деб номладик. Биринчи бўлиб, жигар ҳасталикларидан бошлашга қарор қилдик, чунки уларнинг бошланғич босқичида касаллик деярли билинмай кечади. Шу сабабли уни ривожланмай туриб аниқлаш ва навбатдаги босқичларга ўтишининг олдини олиш жуда муҳим.

Narrator 2 Бунинг учун эса бир нечта қоидаларга амал қилиш кифоя. Биринчиси, тўғри овқатланинг. Ўз таомномангизни шундай тузинг-ки, унда ҳар куни бешта асосий гуруҳ бўлсин: донлар, протеинлар, сутли таомлар, сабзавот ва мевалар ҳамда ёғлар. Оқсилли маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилинг: янги узилган сабзавот ва мевалар, нон, ёрмалар фойдали. Парҳез таомларингиз ичида оқсил кўпроқ бўлишига эътибор беринг. Унинг бир кунлик миқдорини ўз вазнингиз рақамига 0,8ни кўпайтириб билиб олишингиз мумкин. Масалан сиз 73 кг вазнга эгасиз. Шундай бўлса сиз бир кунда 64 грамм оқсил истеъмол қилишингиз зарур. Бу ўринда гўшт оқсилидан кўра, сутли ва ўсимлик оқсили маъқул.

Narrator 1 Ортиқча калория жигарда ёғли қолдиқлар ҳосил қилиши мумкин. Бир кунда ёғлар билан тушадиган калория 30 фоиздан ошмаслиги керак. Соғлиқ учун фойдали ёғлар манбаи – ўсимлик ёғлари, ёнғоқ ва балиқ ёғи саналади. Жигар ҳасталигининг олдини олиш учун ортиқча вазндан ҳалос бўлинг. Мутахасис кўмагида озишнинг хавфсиз йўлларини изланг. Очлик, ўта тез вазн йўқотиш ва махсус парҳездан қочинг, бу усуллар жигар учун жиддий хавф туғдиради. Жигар худди филтр каби ишлайди, кўп миқдордаги алкогол унга зарар етказиши тайин. Спиртли ичимлик ичишни тўхтатинг. Шундай қилсангиз, жигарда яна янги тўқималар ҳосил бўлишига имкон яратган бўласиз. Кўпчилик дори ичишни ёқтирмайди. Улар умуман дорилардан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Аммо бирор жойингиз ҳасталанганда, шифокор ёзиб берган дорилардан қабул қилишнгиз керак.

Narrator 2 Аммо ҳар қандай дори ва табобат воситаларини шифокор билан маслаҳатлашиб қабул қилинг. Дориларни шифокор кўрсатмасига кўра, қатъий тартибда қабул қилинг. Дори билан бир вақтда алкогол ичиш ҳам жигар учун хавфли. Умуман жигарингизни соғлом бўлишини ва меъёрида ишлашини истасангиз, унга зиён етказадиган нарсаларни истеъмол қилишдан қочинг. Бугунги кунда урф бўлган «Кола»ичимлиги ҳам жигарингизнинг душмани ҳисобланади. Юқорида берилган шифокор маслаҳатларига риоя қилган ҳолда соғлом бўлишга эътибор қаратинг. Шунда ўзингизни яна ҳам тетикроқ ва бардамроқ ҳис қиласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top