Narrator 1 Ассалому алайкум, меҳрибон оилапарвар тингловчи. Қадрдонлар билан тез-тез учрашиб турасизми? Шундай бўлса, улар билан сўрашгандаги саволлардан бири: «Оиланг, бола-чақанг тинчми?». Биз бу саволларга кўп ҳам эътибор бермай, одатдагидай: «Тинч, Худога шукур», — деймиз. Бугун оилангиз ва фарзандларингиз ҳаётига диққат билан назар солиш вақти келди. Улар чиндан ҳам тинч ва ҳотиржамми? Уларнинг ҳаёти Худо истаганидек кетяптими? Сиз уларни абадий ҳаётга етаклаш учун нималар қилаяпсиз? Яқинда Каломдан бир парчани ўқиб қолдим. Аслида бу парчадан бошқа маънони уқиш мумкин, бироқ унинг ичидаги бир оят мени бутунлай сергаклантириб қўйди. Келинг, уни сизлар ҳам эшитиб кўринг.
Narrator 2 «Уларга қўли тегсин, деб Исонинг олдига ёш болаларни ҳам келтиришар эди. Шогирдлар буни кўриб, келтирувчиларни койий бошлашди. Исо эса болаларни ёнига чақириб, шогирдларига шундай деди: «Болалар Менинг олдимга келишларига ижозат беринг, уларни койиманг. Зеро Худованднинг шоҳлиги шундайларникидир.»(Лук 18:15-16). Бу парчадан балки сиз ҳам мен тушунган нарсани тушунгандирсиз. Шундай бўлса ҳам нима мени сергаклантирганини айтай. «Болалар Менинг олдимга келишларига ижозат беринг…» Мана шу биргина оят менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Шу оятдан сўнг ҳаётимга, оиламга ва болаларимнинг руҳий аҳволига назар солишга мажбур бўлдим.
Narrator 1 Мен болаларимга нима қилаяпман? Уларга Исо Масиҳ олдига боришларига ижозат бераяпманми? Мен уларга Унинг олдига боришга қандай ижозат бераман. Улар Исо Масиҳдан марҳамат олишлари учун имконият беряпманми? Шу саволлар билан ҳаётимга бутунлай бошқа томондан назар солдим. Сиз ҳам шундай қилиб кўринг, балки сиз мен такрорлаган хатони такрорламаётгандирсиз. Шундай бўлса, сиз учун хурсандман. Чиндан ҳам оилада ота-она фарзандларини Исо Масиҳнинг олдига олиб келишлари керак. Қандай қилиб? Улар билан бирга Калом ўқиш, Худованднинг оилада қилган мўъжизалари ва ёрдамини сўзлаб бериш, ҳар бир воқеага Худонинг назари билан қараш орқали болаларни Худовандга яқинлаштириш мумкин.
Narrator 2 Улар ўз-ўзларидан калом ўқимайдилар. Уларга шунчаки, «Калом ўқи», «Ибодат қил», — дейишнинг ўзи етарли эмас. Улар билан бирга ўқинг, тушунмаганларини тушунтиринг, муаммоларига руҳий томондан қарашни ўргатинг. Уларга вақт сарфланг. Сиз болаларингиз билан Худога яқинлашсангиз, Худованд уларнинг юракларини ўзгартириб қўяди. Аста-секин уларнинг ҳаётга ва бўлаётган воқеаларга бўлган муносабати ўзгаради. Кейин сиз ҳам оилангизда Худованднинг қўли намоён бўлаётганини сезасиз. У сизнинг оилангизни ва фарзандларингизни марҳаматлайди. Агар уларни вақтида Худованд билан таништирмасангиз, улар учун тинимсиз ибодат қилмасангиз, кейин кеч қолишингиз мумкин. Душманимиз шайтон уларнинг қалбларини ўғирлаши мумкин. У ҳам шунинг пайида юради. Унга имкон бермаслик учун қаттиқроқ ҳаракат қилинг.