MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи дўстлар. Бугун кичкина қишлоқдан катта шаҳарга борган қишлоқ йигитининг бошидан кечирган бир воқеани сизлар билан бўлишишига қарор қилдик. Бу ҳолат ҳар биримиз билан содир бўлиши мумкин. Унинг бошидан кечирганини маданиятлар тўқнашуви дейиш мумкин. У гувоҳлигини шундай бошлайди: «Мен кичиклигимдан ўқишга қизиқдим. Ота-онам бир фермернинг қўлида оддийгина ишчи бўлиб ишларди. Биз баъзан оч, баъзан тўқ эдик. Шунга қарамай, билим олишга бўлган қизиқишим сўнмади. Қачонлардир катта шаҳарга бориб, ўзим истаган ўқишда ўқишни орзу қилардим. Бу ҳақида тинмай Худодан сўрардим. Худованд ибодатимга жавоб берди.

Narrator 2 Мен катта шаҳардаги институтлардан бирига ўқишга кирдим. Сусткашлик қилибми, ё бошқа болалардай уддабуронлик етишмадими, ётоқхонадан жой ололмадим. Ноилож институтдан узоқ бўлса ҳам бир жойдан арзонроқ ижара уй топдим. Мен ҳаддан ташқари эскириб кетган, тўрт қаватли уйнинг тўртинчи қаватида турардим. Менга хонадонини ижарага берган аёл жуда қари ва ҳеч кими йўқ эди. Ўзи биринчи қаватда бошқа бир кампир билан бирга турарди. Умуман мен турган кўп қаватли уйда деярли ёшлар йўқ эди. У ерда яшовчиларнинг ҳаммаси катта ёшдаги кишилар эди. Шундай бўлса ҳам ижарага арзонроқ уй топилганидан хурсанд эдим. Ана энди ўқишга пиёда бориб келиш қолди, ҳолос.

Narrator 1 Бир куни дарсдан қайтгач, эшигим тақиллаб қолди. Очсам, остонада ёши мендан каттароқ бир киши турибди. «-Кирсам майлими?» — Ҳа албатта киринг», — дедим ҳайрон бўлиб. У ичкарига кирди. Уни танидим. У ҳар куни тонгда ўқишга кетаётганимда йўлимда учрайдиган киши эди. У диванга ўтиришдан олдин ўзини таништирди: «-Исмим Френк Хиггинс. Яқинда рухшуносим олдига боргандим, у менга мумкин қадар кўпроқ танишлар орттириб, улар билан ҳамсуҳбат бўлишим кераклигини айтганди. Ўйлаб қарасам, мен билан хушмуомала гаплашган сен экансан. Шунинг учун биринчи бўлиб сенинг олдингга келавердим.» — деди у кутилмаганда.

Narrator 2 Мен ҳайрон бўлдим. У билан ҳамсуҳбат бўлганимни эслай олмайдим. Э,э бўлди. Ёдимга тушди. Ҳар куни тонгда ўқишга кетаётиб унга хушмуомалалик билан салом берганимни эсладим. Наҳотки, сўрашиб ўтиб кетиш суҳбатлашишга кирса?! Умуман бу шаҳарга келганимдан буён одамларнинг совуқлигидан, ғалати одатларидан эсанкираб юрардим. Бу ҳам ўша шаҳарлик одамлардан бири эди. Аммо биз у билан жуда тез чиқишиб кетдик, У мен билмаган нарсаларни ўргатарди. Қандай қилиб ва қачон арзонроқ озиқ овқат олиш мумкинлиги, одамларга қандай муомала қилишни, мен турган уйдаги қарияларнинг кўнглини олишни, яна бир талай нарсаларни ўргатди. Ундан жуда миннатдор эдим. Бир куни мени ётоқхона масаласи бўйича институтга чақиришди». Азиз тингловчи, гувоҳликнинг давомини билишга қизиқсангиз, бизнинг кейинги суҳбатимизни асло ўтказиб юборманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top