Ассалому алайкум. Узундан-узун бўлиб кўринган қийин ва оғир иш кунидан сўнг, ҳар қандай инсон ҳам, ўзида толиқишни ҳис қилади. Асаблари таранглашади. Ўзидаги энеригия заҳирасини буткул ишлатиб бўлади. Шундай пайтларда, ҳаммомга кириб ванна қабул қилиш нақадар ёқимли. Ўн – ўн беш дақиқалик ванна аёлнинг чарчоғини, асабларидаги тарангликни олади, уйқусини мустаҳкамлайди. Биласиз, контраст душ қабул қилиш кишини чиниқтиради ва тетиклаштиради. Аммо совуқ сувдан ҳам яхшироқ тетиклаштирадигани бу – денгиз тузи қўшилган ванна экан. Ванналар киши саломатлигига яхши таъсир қилади. Ванналар танамизни ёқимсиз ҳидлардан ва кирлардан тозалабгина қолмай, чарчоқни олади, тетиклаштиради, танамизга куч бағишлайди ва роҳат ҳиссини беради. Сув терингизни силлиқлаштиради ва таранлаштиради. Бироқ оддий ванна сувига турли хил шифобахш гиёҳлардан, ёғлардан қўшсангиз, танангизда мўъжиза яратади. Кўп нарса сиз ванна қилаётган сувнинг даражасига боғлиқ. Илиқ деб ҳисоблаган ваннангиз илиқлиги 34-37 даражада бўлиши керак. Шунда у танангизни бўшаштиради, чарчоқни олади ва асабий тарангликка барҳам беради. Совуқ ваннанинг ҳарорати 20 даражадан ошмаслиги керак. Бундай ванна чарчоқни тез олади, кишини жуда яхши тетиклаштиради, терини таранглаштиради. Танани чиниқтириб, иммун тизимини яхшилайди. Иссиқ ванналар эса шамоллаганда, йўталда, жуда совуқ қотганда 10 дақиқа қабул қилинади.
Денгиз тузи ҳақида эшитгансиз. Денгиз тузи билан ванна қабул қилиш чиндан ҳам терига, киши саломатлигига жуда яхши таъсир қилар экан. Чунки денгиз тузида минерал моддаларнинг жамланмаси мавжуд бўлиб, танага шифо бахш этади. Денгиз тузи оғриқни қолдирш, шамоллашга қарши таъсир қилиш, тери ва органларнинг фаол ҳаракат қилдириш, модда алмашинишда қатнашиш кучига эга. Денгиз тузи қўшилган ванна қабул қилиш учун, тузни меъёрда қўшиш керак. Бунинг учун сувга 350 гр табиий денгиз тузини қўшинг. Сувнинг илиқлик даражаси 36-37 С бўлиб, ваннани 15-20 минутдан ортиқ қабул қилманг. Кун оралатиб ўн марта шундай ванна қабул қилинг. Бундай ванналар чарчоқни олади, асабларни тинчлантиради, терини силлиқ ва эластик қилиб, унинг ҳолатини яхшилайди.
Эфир мойларининг шифобахш ҳусусиятини билган аёл, эфир мойи билан ванна қабул қилиш ҳам киши саломатлигига ижобий таъсир қилишини билади. Эфир мойлари киши организмидаги модда алмашинувини тезлаштиради, терининг қайта тикланишини яхшилайди, тери тўқималарининг озиқланишини яхшилайди ва мушакларни таранглаштиради. Кўпчилик аёллар танасидаги ортиқча ёғлардан, танасининг ёғлар туфайли бир текисда эмаслигидан нолишади. Шундай пайтда уларга апелсин, лимон, мандарин, грейпфрут, розмарин, бергамот, сосна, каби эфир мойлари билан ванна қабул қилиш таклиф этилади. Эфир мойини бир стакан қатиқ билан аралаштириб, сувга қўшиш керак. Эфир мойлари билан ванна қабул қилиш 20 дақиқа, сувнинг ҳарорати 37 даражада бўлиши керак.
Аёллар ҳамма ишга улгуриши, тиниқиб ухлаши, кейинги кун учун оиласига тетик, бардам ва яхши кайфиятда кўриниши учун уйқу олдидан шундай ванналарни қабул қилиши керак. Бу муолажаларни сиз оила аъзоларингиз учун ҳам ташкил қилишингиз мумкин.