Narrator 1 Ассалому алайкум. Еремия пайғамбар эрамиздан 629 йил аввал яшаб ўтган. У жуда ҳам софдил ва ҳалол инсон бўлиб, Худога чин дилдан хизмат қилган. Худонинг овозини эшитиш ва Унга чин дилдан хизмат қилиш энг катта бахт. Еремия эса мана шу бахтга эришган пайғамбарлардан бири. У халқи учун Худовандга ёлворар экан, Худованд унга шундай деб жавоб берди: «Кулолнинг уйига бор, ўша ерда мен сенга навбатдаги хабаримни аён қиламан». Еремия ғоятда ажабланган бўлса керак. Нега ўз уйига ёки тоғга эмас, кулолнинг уйига? Кулол ҳам ҳайрон бўлмайдими? Нега келдинг? Сенга нима керак, демайдими? Деган бўлса дегандир. Калом бу ҳақида ҳеч нима демайди. Еремия Худонинг сўзини икки қилмай, кулолнинг уйига йўл олади.
Narrator 2 У Каломда кулол уйига етиб боргани ҳақида шундай дейди: «Мен кулол уйига бордим ва унинг ўз дастгоҳи олдида ишлаётганини кўрдим. Ҳали охиригача ишлов берилмаган бир кўза унинг қўлида бузилиб ётарди. Шунда кулол уни яхшилаб бузиб, лой шаклига келтириб, ундан ўзига маъқул кўринган бошқа бир кўза ясади.» Еремия кулолнинг ишини жуда синчковлик ва ҳаяжон билан кузатиб турди. Шунда Худованднинг сўзи яна Еремияга келди: «Эй, Исроил хонадони, Мен ҳам сени худди мана шу кулол қилганидек қилолмайманми? Кулолнинг қўлидаги лой каби сизлар ҳам Менинг қўлимдасизлар. Дунёдаги бирор бир шоҳликнинг тўнтарилишини ва бутунлай йўқ бўлиб кетишини истасам, шундай бўлади.
Narrator 1 Ëки бирор бир давлатни пайдо қилишни истасам, улар пайдо бўлади. Агар Мен йўқ қилмоқчи бўлган шоҳлик тавбасига таяниб, Менга илтижо қилса, Мен уларни режалаштирганимдек йўқ қилмайман. Энди эса Яҳудо халқига Қуддусда яшаётганларга шундай дегин: «Эгамиз Худованд шундай деяпти: «Қаранг мен сизлар учун фалокат тайёрлаяпман. Шундай экан, гуноҳли йўлларингиздан қайтинг. Ҳар бирингиз ўз йўлингизни ва ҳатти-ҳаракатларингизни ўзгартиринг.» Худованд жуда кўп марта Ўз халқига гуноҳдан тийилишни айтиб, акс ҳолда бошларига катта балолар ёғилиши ҳақида огоҳлантирган. У ҳатто Еремияни кулол уйига юбориб, У ҳудди кулол каби халқни бошқатдан яратиши мумкинлигини ҳам айтди.
Narrator 2 Бироқ қайсар ва ўзбошимча халқ Худога қулоқ солишни истамади. Ҳақиқатни кўрмаётган, бошларига қандай балоларни ёғдириб олишини билмаётган бу қайсар халқни яна қандай гуноҳли йўлларидан қайтариш мумкин? Еремия ҳам шу ҳақида бош қотирган бўлса керак. Энди яна Еремия турган жойдан Кулолнинг ишини кузатайлик. Кулол қўлларини тез-тез сувга тиқиб олиб, лойга шакл бераяпти. Агар бирор марта бўлса ҳам кулолнинг ишини кузатган бўлсангиз, улар бирор бир идиш ясаётганларида лой билан жуда оҳиста ишлайдилар. Чунки салгина қўпол ҳаракат ҳам қилаётган ишини бузиб қўйиши мумкин. Худованд Исроил халқини ҳам шундай ясамоқчи, уларни ўзгартирмоқчи эди. Худонинг ғазаби бир неча дақиқалик, бироқ марҳамати ва инояти абадийдир.