Narrator 1 Ассалому алайкум азиз тингловчи. Асл нарсанинг соҳтаси бўлганидай, одамлар орасида ҳам ёлғончи, тилёғлама инсонлар бўлади. Улар атрофидагиларга ёқадиган гаплардан гапириб, уларнинг меҳрини қозонишга ҳаракат қилади. Бундай тилёғламаларни ҳар ерда учратиш мумкин. Айниқса бугунги кунда бошлиқлар, директорлар ва бирор бир фойдаси тегиши мумкин бўлган одамлар атрофида ўшандай тилёғламаларни учратишингиз мумкин. Нега айнай ёлғончи тилёғламалар ҳақида гаплашишга қарор қилдик? Сабаби яқинда Калом ўқиётиб бир парчага кўзим тушиб қолди. Бу Еремия китобида ёзилган эди. Биласизки, Еремия пайғамбар қилиб тайинланганида ёш эди. Айнан шунинг учун ҳам Худованд у билан бирга бўлишга ва уни ҳимоя қилишга ваъда берди.
Narrator 2 Келинг, гапни кўпайтирмайлик-да, ўша парчада Еремия ёлғончилар ҳақида нима деганини билиб олайлик: «Кейин эса Худованднинг каломи менга келди: Уларнинг фойдаси учун менга ибодат қилма. Улар рўза тутишсалар ҳам, Мен уларнинг йиғисига қулоқ солмайман. Менга куйдириладиган ва дон қурбонлигини олиб келишса ҳам, уларни қабул қилмайман. Аксинча, уларни қилич, очарчилик ва офат билан йўқ қиламан.» Лекин мен шундай дедим: «Эй, улуғвор Эгам, пайғамбарлар уларга «Сизлар қилич ва очарчилик кўрмайсизлар. Мен сизларга бу ерда узоқ давом этадиган тинчлик, бераман» демоқдалар-ку. Шунда Худованд деди: «Улар Менинг номимдан ёлғон башорат қилаётирлар. Мен уларни танламаганман, юборганим ҳам йўқ. Улар халққа ва сенга ёлғон башоратларни, ваҳийларни айтмоқдалар.»
Narrator 1 Демак, Еремиё ва бошқа пайғамбарлар даврида ҳам ёлғондан ўзларини пайғамбарман деб юрганлар кўп бўлган экан-да! Бирорта чала руҳоний, Худованднинг илоҳийлигини, қудратини ва муқаддаслигини яхши англаб етмай туриб, тирикчилик қилиш, одамларни ўзига қаратиш ва улардан олқиш олиш учун шундай ишлар қилган бўлса керак. Аммо Еремия бундайларни кўп деб айтган. Демак, халқ ҳақиқий пайғамбар билан соҳтасининг фарқига бормайдиган даражада гуноҳкор бўлган. Соҳта пайғамбарлар халқ эшитишни истаган нарсаларни гапирган. Улар қанчалик гуноҳкор ва ёвуз бўлишмасин, уларга ёлғондан бошингизга ҳеч қандай бало ёғилмайди. Кўнглингизни ҳотиржам қилинг, дея уларга ёлғон тасалли бериб жўнатаверган.
Narrator 2 Бироқ Худованд бундай соҳта пайғамбарлар ҳақида шундай дейди: «Мен уларни юборганим йўқ, бироқ улар ҳеч қандай очарчилик ва қилич бошингизга келмайди, деб Менинг номимдан башорат қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам ана шу пайғамбарлар қилич ва очликдан ҳалок бўладилар. Уларнинг башоратига ишонган халқ эса қилич ва очарчилик туфайли Қуддус кўчаларига улоқтирилади.» Ҳеч қандай соҳта нарса узоқ қололмайди. Вақт ва ҳақиқат синови олдида улар дош беролмайдилар. Шунинг учун ҳам соҳта нарсаларга алданмай, Худонинг ҳақиқатини билиб олинг. Қилаётган ишларингизни кузатинг, сиз ҳам Исроил ҳалқи каби Худога қарши иш қилмаётганмикансиз?! Агар ножўя иш қилганингизни сезсангиз, Худовандга тавба қилинг. Ҳеч кимга ёлғон гувоҳлик берманг. Соҳта пайғамбарлар ҳаётидан ибрат олинг.