Narrator 1 Ассалому алайкум. Ёвузлик одам Ато билан момо Ҳавонинг гуноҳидан мерос қолган. Уларнинг илк гуноҳи ёлғон, манманлик, итоатсизлик, ёвузлик каби яна кўплаб гуноҳларга сабаб бўлди. Юрагида меҳр бўлмаган инсон ёвуз бўлади, дейишади. Аммо чиндан ҳам ёвузлик нима ўзи? Худованд олдида тўғри ишлар қилмаган, доимо фикри ҳаёли гуноҳда бўлган, фақат ўзини ўйлаб иш тутадиган одамни ҳам ёвуз дейиш мумкин. Тўғри иш қилмагандан кейин, демак фақат ёмон ишлар қилади. Масалан, кимдандир нафратланади, кимнидир ғийбат қилади, кимнидир алдайди, ўз фойдаси учун бошқаларни чув туширади ва ҳокозо. Бундай ишлар рўйҳатини узоқ давом эттириш мумкин. Хуллас, ёвуз одам гуноҳ ишларнинг устаси бўлади.
Narrator 2 Бугун ёвузлик ҳақида эмас, ёвуз шоҳлар ҳақида Худованд нима дегани борасида суҳбатлашишни маъқул топдик. Худованд бир одам – Иброҳимдан Ўзига хизмат қиладиган халқни яратди ва доимо ўша халқ билан бирга бўлди. Уларга ўз номини берди. Улар билан қасамёд қилди ва садоқатли бўлди. Афсуски, халқ орасидан уларни бошқарадиган шоҳларнинг ҳаммаси ҳам Худога хизмат қиладиган ва итоаткор бўлиб чиқмади. Бир қанча одил ва итоатли шоҳларни биламан. Улар Довуд, Сулаймон, Йўшиё ва бошқалар. Бироқ Худди ўша инсонларнинг авлодлари орасидан ёвузлари ҳам чиқди. Улар Худовандга итоат қилиш ҳақида ваъда бериб, унинг аксини қилдилар. Худованд буюрганидан четга чиқиб, ёт санамларга сажда қилишни бошладилар.
Narrator 1 Бу разолатдан бошқа нарса эмасди. Шунинг учун ҳам Худованд бир куни пайғамбар Еремияга шундай деди: «Яҳудо шоҳи саройига бор ва ушбу хабарни уларга эълон қил: Худованд Каломини эшитинг. Эй сен Довуд тахтида ўтирган Яҳудо қироли – сен ва сенинг хизматчиларинг ва мана шу дарвозадан кириб чиқадиганлар эшитинг. Худованд шундай демоқда: Тўғри ва ҳақ бўлган ишни қилинглар. Жабрланаётганни жабрловчи қўлидан, моли ўғирланганни ўғридан қутқаринг. Ҳеч қандай ёмон иш қилманг ва муҳожирга шафқатсизлик қилманг. Отасиз етимга ёки бевага ҳам ёмонликни раво кўрманг. Бу ерда бегуноҳ қонлар тўкманг. Агар мана шу амрларимни бажаришга жуда эҳтиёт бўлсангиз, Довуд тахтида ўтирган шоҳлар мана шу дарвозлардан от араваларда ўз одамлари билан бирга ўтади.»
Narrator 2 «Бироқ, бу амрларга итоат қилмасангиз, уларни мен айтганимдек қилмасангиз, Ўз номим билан қасам ичаманки, бу сарой вайронага айланади» , — дейди Эгамиз Худованд. Худованд жуда кўп марталаб, халқни гуноҳ ишларидан қайтаришга ҳаракат қилди. Шоҳлар олдига пайғамбарларини юбориб, ўз сўзларини етказди. Улар олдига танлов қўйди. Агар Худовандга бўйсунса, тирик қолади ва шаҳар вайронага айланмайди. Аммо ўз хоҳиш-истакларини биринчи ўринга қўйиб, Худога итоат қилмасалар шаҳар саройи ва одамлари ҳалокатга юз тутади. Хўш, нима деб ўйлайсиз, мана шу огоҳлантиришдан сўнг Яҳудо қироллари ёвузликни ташлаб, Худовандга итоат қилишни бошладиларми? Афсуски, йўқ. Улар ўз билганларидан қолмадилар ва охир оқибат Худованд уларни душманлари қўлига топширди.