Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Муқаддас Каломни варақласангиз, тез-тез Бобил деган шаҳар, давлат ҳақида ёзилганларига кўзингиз тушади. Қадимги Аҳд китобларида ҳам Бобил юрти ва уларнинг инсонлари, шоҳлари ҳақида тўлиқ маълумот берилади. Исроил ҳалқининг ашаддий душмани бобилликлар бўлган. Улар ҳам кучли давлат экани Исроил халқини чўчитарди. Шунинг учун ҳам Худованд Ўз халқи итоатсизлик қилиб, Ундан юз ўгирганида, жазо сифатида уларни Бобилликларга топширган. Дониёр пайғамбар ва унинг бир нечта дўслтлари Бобилликлар томонидан асир қилиб олиб кетилгани ёдингиздами? Ўшанда Бобилликлар Қуддусга бостириб кириб, халқни талаб, жангчиларни ўлдириб, шаҳарни вайрон қилиб ишга яроқли одамларни асир қилиб олиб кетган эди.
Narrator 2 Буни фақат Яҳудийлар китобида ёзилган яна битта чўпчаклардан бири деб ўйлаганлар адашади. Тарих зарварақларини вароқласангиз, у ердан Бобил юрти ҳақида анчагина маълумотлар топасиз. Мана бугун сизга Бобил ва бобилликлар ҳақида қисқача маълумот беришни маъқул деб топдик. Муқаддас Каломда ёзилишича, бобилликлар бутларга сиғинувчи ва кўп худолилик бўйича бошқа ҳалқлардан қолишмайдиган кишилар бўлган. Бу тарихда ҳам ўз тасдиғини топди. Бобил қадимги дунёнинг қудратли ва Ҳаммураби ва Набуходнессарнинг катта ҳаракатлари эвазига қурилган шаҳар эди. Ҳаммураби эрамиздан аввалги 1728-1686 йилларда, Набуходнессар эса 604-542 йилларда ҳукмронлик қилган. Улар даврида шаҳар гуллаб яшнаган бўлса, Белшазар ҳукмронлиги даврида шаҳар аввалги виқори ва қудратини сустлаштирди.
Narrator 1 Кейинчалик эрамиздан аввалги 130 йилга келиб шаҳар Парфияликлар қўлига ўтиб, бутунлай вайрон бўлди. 1899-1913 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар ва ўтказилган тадқиқотларга кўра Бобилнинг қадимда қандай шаҳар бўлгани, уларнинг одамлари ҳақида анча маълумотларга эга бўлинди. Масалан шаҳарнинг асосий деворининг узунлиги 14 миля бўлган ва қалинлиги эса 136 фут бўлган. Шаҳар деворларидаги жуда кўп дарвозалар ҳайвон ҳайкаллари билан безатилган. Масалан, археологлар Иштар Дарвозасини ва унинг атрофини ўрганганларида, у ердан 575 эммалланган аждарлар, буқалар, шерлар бўлганини аниқлашди. Бу дарвозадан кириб кишилар тўғри шоҳ саройига, кейин эса ундан ўтиб Мардукка аталган маъбадга ўтарди.
Narrator 2 Мардук бобилликларнинг худоси бўлиб улар Мардукни «Яратувчи ва борлиқнинг шоҳи», деб билишарди. Набуходнессар саройининг жиҳозланиши, банкет залларининг ҳашаматли эканлиги, ўша пайтда Бобил шаҳрининг гуллаб яшнаганини, беқиёс гўзаллигини акс эттиради. Ундан ташқари шоҳ қаерга ҳужум қилса, ўша ердан усталар ва оқил кишиларни келтириб, шаҳар кўркига кўрк қўшишга ва давлатни мустаҳкамлаш ишларида ишлатарди. Археологлар топган лой тахтачалардаги ёзувлар ичидан, мана шу ҳақида ёзилганлари ҳам топилди. Улардан бирида Яҳудо еридан келтирилган шоҳ Йўҳиёқим ва унинг ўғиллари ҳақида ёзилган. Демак тарих Муқаддас Каломда ёзилганларини тасдиқлашда давом этмоқда. Муқаддас Каломда ёзилган кишилар ҳаёти билан қизиқсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз ёрдамга тайёр.