MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ҳалқимизда «Ҳовли олма, қўшни ол» деган гап бор. Бу бекорга айтилмаган. Сабаби, қўшнинг тинч-сен тинч. Лекин шундай нохуш ҳолатлар ҳам бўладики, баъзи бир қўшнилар гоҳида бировнинг ишига бурун суқишади ёки дам олишига ҳалал беришади. Уйда ҳам қутула олиш қийин. Қандай келишиб яшаш мумкин? Ëдимда, биз ёшлигимизда бир қўшнимиз бўларди. Онам бирор нарса пишираётганининг ҳидини сезгани ҳамон болаларини етаклаб бизникига кирарди. То ўша ўзининг ҳам болаларини ҳам қорнини тўйғизмагунча бизникидан чиқиб кетмасди. Бу қўшни бизга қанчалик ёқмаса, онам уларга шунчалик сабр қилардилар. Атрофдаги ҳамма қўшнилар билан жуда аҳил эдилар. Баъзи қўшнилар қизиқувчан бўлади, баъзилари одамови, яна бошқаси эса урушқоқ бўлади.

Narrator 2 Шундай турли характердаги қўшнилар билан қандай келишиб бўлади, дерсиз?! Келинг улар ҳақида билиб олиб, кейин қандай муомала қилиш ҳақида гаплашамиз. Кўчага чиқишингиз билан қўшни аёл кўринади. У учун ҳамма нарса қизиқ, нима гул экдингиз ва қандай парвариш қилаяпсиз, нега қизингиз юбка киймяпти, турмуш ўртоғингиз кеча дўкондан нималар ҳарид қилиб келди… Аксарият ҳолларда бу каби қўшнилар ёлғизлик сабаб шундай бўлиб қолишади. Кўнгилдан суҳбатларни ёқтиришади ва керакли маслаҳатлар бера олади. Унга бирор нима сўзлаб берсангиз, озгина вақтдан сўнг буни барча билиб олади. Бу каби қизиқувчан қўшни билан суҳбатда ҳаммага маълум бўлмаслик учун ўзингиз ва яқинларингиз ҳақида камроқ маълумот беринг.

Narrator 1 Суҳбатда саволларга тутса, гапни бошқа мавзуга буринг ва вақтингиз бемалол бўлса, ўзингиз савол беринг. Ана ундан кейин, яхши тингловчи бўлиб ўтираверасиз. Иккинчи хилдаги қўшниларни «тутқич бермайдиган» деб аташ мумкин. Уларни камнамолигидан ҳатто қўшни деб ҳам бўлмайди. Тасаввурда улардан-да яхши қўшни йўқдек – на ортиқча шовқин, на ортиқча буюмлар. Лекин агар ноҳуш ҳолат – сув қувурининг ёрилишими ёки бошқа ҳолат юз берса, уларни топиш жуда қийин. Эгасиз уйларга ўғрилар ҳам қизиқишади. Бундай ҳолатда уй эгасидан телефон рақамларини сўраб олиш керак. Агар уйининг олдида бегона одамлар ўралашганини сезсангиз, дарҳол ўша қўшнига ва маҳалла посбонларига хабар беринг.

Narrator 2 Сершовқин қўшнилар ҳар доим атрофидагиларга ҳалал беради. Уларнинг уйидан тез-тез дрелнинг ёки болғанинг шовқини, ит акиллаши, телевизорнинг кечаю кундуз баланд овози эшитилади. Бундай қўшни асабингизга тегиши аниқ, бироқ у билан ҳам келишиш мумкин. Қўшнингиз билан дўстона оҳангда «тинчлик вақтини » келишиб олинг. Далил қилиб, кечаси уйқусизликдан қийналишингизни таъкидланг. Лекин зинҳор уришманг. Улар сизнинг қиёфангизда урушқоқ қўшнини эмас, мулойим инсонни кўра олсин-ки, рад этиш унинг учун ноқулай бўлсин. Балки чойга таклиф қилганингиз маъқулдир. Сабаби, сокин суҳбат давомида шовқин билан сукунатнинг фарқини ажрата олсин. Азизлар қўни-қўшничилик, инсонлар билан келишиб яшаш ҳақида бундан-да кўпроқ маълумотларга эга бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз мана шундай маълумотлар манбаидир. Марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top