Narrator 1: Ассалому алайкум. «Ишламаган тишламайди» — деган мақолни эшитмаган инсон бўлмаса керак. Ишлаш яшашимизнинг асосини ташкил этади. Ишламасак, қандай яшаймиз?! Шундай экан, яшашни айниқса яхши яшашни истаган одам муваффақиятли ишларда ишлаши керак. Аммо афсусланарли томони шундаки, муваффақиятли иш осмондан тушмайди-да! Ëшлигимиздан «Киши ўзи севган ишда ишлаши керак», — деган гапни кўп эшитганмиз. Киши танлаган касбини чиндан ҳам севса, ўша соҳада муваффақиятларга эришиши мумкин. Фақат бунинг учун инсоннинг ўзидан тинимсиз ҳаракат талаб этилади. Ҳозир қилаётган ишингизни зерикарли ва ёқимсиз ишдан, ёқимли ва муваффақиятли ишга айлантириш ҳақида баъзи маслаҳатларимиз бор. Бизга яқинроқ келиб, уларни диққат билан тингланг.
Narrator 2 Ишингиз жараёнида муваффақиятга эришиш учун доимо амалиётда бўлишингиз керак бўлади. Ўз билимингизни, тажрибангизни ошириш учун тинимсиз ҳаракат қилишингиз керак бўлади. Кейин эса ўз ишингизга жиддий муносабатда бўлинг. Ëн атрофингиздаги кишилар, ҳамкасбларингиз ишини кузатинг, улардан ўрганинг. Ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб, турли янгиликлардан боҳабар бўлиб юринг. Ҳамкасблар иш механизмини ўрганиш билан бирга, ўз тармоғингиз юзасидан нима янгилик ва воқеалар юз бераётганидан ҳам хабардор бўлиб туринг. Газета ва журналлар харид қилинг. Ҳаёт суръати билан бирга юришга ҳаракат қилинг. Вазифангиз – тўғридан-тўғри қидиришдан иборат эмас. Бу ерда муҳими, бурнингиз тагида пайдо бўлаётган ғояларни ўз вақтида фаҳмлаб олиш.
Narrator 1 Ўз ишингиз билан шуғулланган ҳолда, зеҳнингиз эшикларини ҳамма янгиликларга катта қилиб очиб қўйинг. Бир лойиҳа устида ишлаяпсизми, тўхтаманг. Ҳозирча имкони бор экан, иш суръатини пасайтирманг. Бироз бўрттирадиган бўлсак, ғайрат мавжларини тутиб, ишни якунламагунча қўйиб юборманг. Баъзи ишлар бир нафасда бажарилади, ёдингизда тутинг, бирпасга тўхтаб иштиёқни йўқотиш хавфини келтириб чиқарасиз ва ўша вазиятга яна қайтиб кириш анча қийин бўлади. Қайси касб билан шуғулланишингиздан қатъий назар ўз ишингизни иштиёқ билан қилсангиз, у муваффақиятга бўлган қийин йўлни босиб ўтишингизда нафақат ёрдам беради, балки ҳаётингизни ёрқин туйғуларга тўлдиради.
Narrator 2 Юқорида айтганимиздек, инсон ўзига ёқадиган ишда ишлашни ва шу иш ортидан яхши яшашни истайди. Сиз ўз ишингизни ёқимли ишга айлантиришга ҳаракат қилинг ва бу ишни ўзингизни ва атрофингиздагиларни бой қилиш учун бажаринг. Ўз ишингизнинг қандайлигини билишни истасангиз, ўзингизга ва қилаётган ишингизга четдан бошқаларнинг кўзи билан қарашга ўрганинг. Ўз-ўзингизни тахлил қилинг. Агар четдан ўзингизга муносиб баҳо бера олсангиз, ишингиздаги камчиликларни ютуқлари билан бирга кўра оласиз. Инсонни руҳлантиришда пул хато қурол ҳисобланади. Пул ички овозингизни эътибордан четга чиқариб қўйиши ва натижада ўзингизни эмас, бошқа бировнинг ҳаётини яшаб ўтишингиз мумкин.