Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Худовандга миннатдорчилик билдираман. Азизлар, тингланг эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳаворий Павлус учун Хушхабар бу бутун инсониятнинг қутқарилиши учун Худонинг куч-қудратини тўлиқ намоён қилишдир. Келинг азиз биродарлар, Римликларга мактубининг 1 боби 16 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Ҳар ҳолда мен Инжилдан ор қилмайман.
Аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун Инжил Худонинг халоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир”. Ҳаворий Павлус ўз мактубларида тахминан 60 марта “Евангелион” сўзини ишлатган. Сиз азизлар билан ҳозиргина биргаликда ўқиган оятимизда “халоскорлик қудрати” деган сўзи, юнон тилида “динамис”деганидир. “Динамис” сўзининг маъноси жуда чуқур. У шундай таржима қилинади, яъни “Худонинг кучи”. “Динамис” сўзидан “Динамит” сўзи келиб чиқади. Павлус шу “Динамис” сўзи орқали Хушхабарнинг куч-қудратини кўрсатган.
Ва Павлус демоқчики, инсон ўзи қутқарилиш қудратига эга эмас, шунинг учун инсонни Худонинг “динамиси” қутқаради. Яъни Худонинг кучи бутун инсонни қутқарган. Павлус учун Хушхабар бу – инсониятни қутқарилиши учун Худонинг одиллиги, ҳаққонийлиги ва ҳақиқатидир. Римликларга мактубининг 1 боби 17 оятини ўқиб кўрамиз: “Бу Хушхабарнинг мағзи шуки, Худо Ўзи гуноҳкорни оқлайди. Бу оқлаш эса фақатгина имон орқали содир бўлади. Тавротда ёзилганидек, имони билан оқланган киши ҳаёт бўлур”.
Азиз биродарлар, бу дегани Худонинг одиллиги, ҳаққонийлиги ва ҳақиқатидир. Хуллас, юқоридаги оятни қисқача маъноси шуки, “Худо инсонни қутқаради” деган маънони билдиради. “Худонинг солиҳлиги сўзи ўрнида юнон тилида “Дикаёсунэ” сўзи ёзилган. Бу сўзнинг таржимаси “солиҳлик” дегани. Демак, инсон имон келтирса, бизни Худонинг солиҳлиги оқлайди. Азизлар, агар юқорида келтириб ўтган оятларимизга қисқача хулоса қиладиган бўлсак, Худонинг куч-қудрати ва солиҳлиги инсонларни гуноҳдан озод қилади.
Худонинг куч-қудрати ва солиҳлиги инсонларни Исо Масиҳнинг ўлими ва тирилиши орқали Раббимиз билан яраштиради. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Хушхабар айтиш ва Худонинг инсонларга бермоқчи бўлган нажоти ҳақида ҳар биримиз ҳар куни одамларга гапирайлик. Буни амалга ошириш қанчалик мушкул бўлмасин, барибир қилишимиз керак бўлган муҳим вазифалардан биридир. Барчамиз айнан шу хизмат учун танланган масиҳий биродарлармиз.
Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.