Ассалому алайкум ҳурматли радиомизнинг азиз тингловчилари. Сизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали ғойибона бўлса-да учрашаганимиздан ғоят хурсандмиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, айрим ота-оналар, “тарбия” деган сўзга унчалик жиддийлик билан эътибор қилмайдилар. Ахир ўзингиз тасаввур қилиб кўринг, агарда қурувчиларнинг қўлида уй қуриш учун аниқ план бўлмаса, улар қандай уй қуришлари мумкин? Келинг азиз биродарлар, ушбу фикримизни кенгроқ тушунишга ҳаракат қиламиз. Масалан, масиҳий ота-оналар ўз фарзандларини бутун дунёни кенг қамровли тушунишларини истайдилар. Бундан ташқари яна болалар доно бўлиб ўсишларини ҳам истайдиганлар бор. Яна бошқачароқ усулни қўллайдиган ота-оналар ҳам бор. Улар фарзандларига кўпроқ билим беришни истайдилар. Мана шу айтиб ўтганларимизнинг ўзига яраша яхши ва камчилик томонлари бор. Ҳатто шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, айрим ота-оналар фарзандларига Худо ҳақида ажойиб керакли билимни ўргатишлари мумкин. Лекин болаларининг тарбиявий томонидан умуман бехабар қолишлари ҳам мумкин.
Сабаби, кўпчилик ота-оналар ўйлайдики, агар болам Худо ҳақида яхши ўрганиб олса, унга тарбия ҳақида гапиришимга ҳожат йўқ деб. Мен шахсан шундай ўйлайман: агар болаларимизга Худо ҳақида билим берар эканмиз, айнан тарбия ҳақида ҳам кўпроқ гапиришимиз керак. Чунки катталарга қулоқ солмаслик тўқувчининг тўқиётган тўрига ўхшатишимиз мумкин. Мабодо тўқиётган пайтингизда битта жойида адашиб қолсангиз, барча иплар ўз жойига тушмай қолиши мумкин. Натижада кўзлаган маҳсулотни қўлга кирита олмайсиз. Шунинг учун азиз биродарлар, болага билим ҳам, тарбия ҳам бирдек зарур, деб айтишимиз мумкин. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, айтишимиз мумкинки, тарбия беришда ҳеч иккиланмасдан Муқаддас каломга мурожаат қилишингиз мумкин. Худованд доимо ҳар бир ота-онанинг ибодатларини эшитишга ва Ўзининг ажойиб мўъжизасини кўрсатишга тайёр туради.
Азиз биродарлар, агарда болангизни Худованднинг каломига асосланиб тарбиялашни истасангиз ва аллақачон ушбу тарбияни болангизга ўргатаётган бўлсангиз, тўғри қилаётганингизга асло шубҳаланманг. Лекин шу билан бирга болани ҳатти-ҳаракатларини ва бошқалар билан гаплашиш ва муносабат қилишини зимдан кўзатиб боринг. Агар ҳаммаси жойида бўлса, Худовандга миннатдорчилик билдиринг. Бола Худованд ҳақида қанчалик кўп билимга эга бўлса, унинг яшаш тарзи ҳам шунга яраша бўлиши керак. Мен бир масиҳий дўстимизнинг боласини кўриб, бироз ҳайрон қолган эдим. У бола Муқаддас китобдан Худо ҳақида жуда катта билимга эга эди. Лекин тарбия томонидан анчагина суст. Худога шукур, боланинг ота-онаси ўзларидаги ушбу камчиликларини ўз вақтида пайқаб, болани яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилишди. Худованд эса уларнинг ибодатларига жавоб берди.
Азиз биродарлар, шунинг билан сизларга атаб тайёрланган эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг интернетдаги сайтимизни манзили ёдингизда бўлса керак: www.najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр омон бўлинглар.