4:00

Болаларнинг ўсишига ёрдам 251

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Келинг азиз биродарлар, Муқаддас китобдан Ибронийларга мактубининг 12 боби 6 оятини биргаликда ўқиб кўрсак. “Худованд севган кишининг адабини берар, Ўғлим деб билган ҳамманинг чорасини кўрар”. Албатта тўғри йўналтирилган жазо доимо яхшиликка олиб боради. Ўсмирлик даврида бўлган барча болалар доимо шундай жазога муҳтож бўлади десак ҳам бўлади. Чунки уларнинг юриш туришида катта ўзгаришлар содир бўлади. Бу эса ота-оналарга ҳар доим ҳам ёғдек ёқавермайди. Азиз ота-оналар, ўсмирларни жазолаш, албатта, кичикроқ болаларникидан фарқ қилиши керак. Айтайлик, бизда кенг қўлланиладиган усуллардан бири, ёш болаларни бурчакка турғазиб қўйишдир.

Энди фараз қилинг: ўсмир болага ҳам худди шундай жазо усулини қўллаш тўғри бўлармикан? Кўпинча ота-оналар ўсмир болалари ҳақида ва уларни қандай жазолаш мумкинлиги ҳақида мендан сўраб қолишади. “Жазолаш мумкинми?” деган саволга мен “ҳа” деб жавоб берган бўлар эдим. Ёдингизда бўлса, биз биргаликда ибронийларга мактубидан бир оятни ўқиб кўрган эдик. Худованд Ўзининг севганларини чорасини кўради, деб ёзилган ушбу оятда. Албатта, тўғри танланган ва тўғри қўлланилган жазо ўсмир ёшдаги болаларни тўғри қарор қилишга ва тўғри иш юритишга ўргатади. Энг муҳими, ўсмир бола ўзини ҳақ жазоланганини тушуниб етса, ўз оиласи ва ота-онаси у учун бефарқ эмаслигини англаб етади. Азизлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, жисмоний жазо ўсмир болалар учун тўғри келмайди.

Ўсмир болани жазолаш пайтида бир асосий мақсадни ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Мақсад, болага жазо бериб уни қилган ишига пушаймон қилдириш эмас, балки берилган жазо орқали ўсмир болага ўзининг қилган хатосини етқазиш бўлиши керак. Бола доимо ўзининг жавобгарлигини ҳис этиши лозим. Доимо ўсмир болани олдида белгиланган чегара бўлиши керак. Бола билсинки, шу чегарадан ташқарига чиқса, демак, уни нохўшлик кутяпти. Чегарадан чиқмаслик доимо унинг фикрида бўлсин. Азиз биродарлар, вақт ўтиши билан болага бўлган ишончингиз ортиб бораётган бўлса, аста секинлик билан чегара худудини кенгайтириб боришингиз мумкин. Чунки бола умрининг охиригача сиз белгилаган чегарада яшамайди. Қачондир ташқарига чиқиши керак. Шундай кун келган пайтда у албатта мустақил инсон бўлади.

Ўсмирлик давридан ўтган йигит ёки қиз деб айтамиз. Қафас ичидан бирданига учиб чиққан қуш ўзини ҳар томонга урганидек, бола ҳам шошиб қолмасин. Уни ўргатиб бориш эса ҳар бир ота-онанинг ўз қўлида. Ҳурматли ота-оналар, ўсмир болани ёки умуман болаларни ҳеч қачон ҳақорат қилиб уриб сўкманг. Бундай жазо умуман йўқ. Аввалом бор ўзимиз ўзгариб, кейин фарзандларимизга насиҳат қилайлик. Жаҳлдорлик, уриб-сўкиш ёки қарғаш, буларнинг барчасини ўз луғатингиздан бир умрга учириб ташланг. Худованд ёр бўлсин. Азизлар, сизларга хайрлашишдан аввал ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Фикрларингиз битилган мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз мухлисларимиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top