Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, бизга азалдан маълумки, ҳар бир кичик уй гуруҳларида ўзининг етакчилари, яъни бошқарувчилари бўлади. Етакчиларнинг қандай хизматлари мавжуд? Улар гуруҳда нималарни қилишлари ва нималарни қилмасликлари лозим? Келинг шу ҳақида гаплашамиз. Етакчи ҳисобланган биродарлар асосан гуруҳларда таълим бериш, маслаҳат бериш ва далда бериш орқали хизмат қиладилар. Минг афсуслар билан айтишимиз лозимки, ҳозирги кунда бунинг аксини ҳам кўришимиз мумкин.
Айрим хизматчилар гуруҳда ўзларни бирор бир корхонанинг рахбаридай ҳис қилишади. Ҳатто биродарларнинг ички ишларига ҳам аралашишни хуш кўришади. Тўғрироғи, уларнинг ички сирларидан хабардор бўлиш айрим етакчилар учун муҳимроқ бўлиб қолган. Азизлар, ҳамма нарсанинг ўзига яраша чегараси бўлгани маъқул. Етакчилар учун гуруҳдаги биродарлардан кимнидир бошқалар олдида турғазиб қўйиб шарманда қилиш эмас, уларнинг руҳий аҳволи биринчи ўринда туриши лозим. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳозир мен сизга бир фикрни айтиб ўтмоқчиман. Балки ушбу фикрим нотўғридир. Агар нотўғри бўлса, олдиндан узур сўрайман. Ҳозирги кунда кўпгина етакчи биродарларнинг орасида носоғлом рақобат бордек.
Аслида рақобат яхши нарса. Фақатгина уни тўғри мақсадларда ишлатилса. Аслида рақобат масиҳийликда бўлмаслиги керак. Рақобат бизнесда, турли спорт ўйинларида бўлади. Масиҳийликда эса қўллаб қувватлаш деган нарса мавжуд. Азизлар, мен охирги пайтларда шу нарсага эътибор беряпман. Ҳар бир хизматчи ўзининг шахсий машинасига эга бўлишни жуда истаб қолди. Дарҳақиқат, агар астойдил хизмат олиб бораётган бўлсак, бу нарса ҳар бир инсонга керак. Лекин шундай ҳолатларга ҳам дуч келяпманки, машина керак бўлмаса ҳам, эга бўлишни жуда жуда истайдиган биродарлар ҳам йўқ эмас. Лекин энг кулгули жойи шундаки, машинага эга бўлган биродарлар ҳам энди “кимнинг машинаси янги, ёки кимнинг машинаси энг қимматроқ машина” деган яширин ўйлар билан ўзаро рақобатлашиб бораётгандек.
Кимдир ўйлаши мумкин, “агар менинг машина, уй жойга эга бўлсам, кейин Худо учун тўлиқ ўзимни бағишлаб хизмат қилардим”, деб. Азиз биродарлар, мен сизга шуни аниқ айтишим мумкин: “Бу шайтоннинг ёлғон фикридир”. Аслида ушбу келтириб ўтган нарсаларимизнинг ҳечам ёмон тарафи йўқ. Унга эга бўлиш жуда яхши мақсад. Лекин қандай юрак билан истаяпмиз, шуниси муҳимроқдир. Дунёвий хирс хаваслар ҳали инсонга нажот бермаган. Нажот фақатгина Худодандир. Унга эга бўлиш учун эса Худога тоза юрак билан яқинлашайлик.
Азизлар, шунинг билан мавзумиз охирлаб қолди. Бизнинг интернетдаги сайтимиз манзили: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг азизлар.