3:25

Уй гуруҳлари 102

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли кичик уй гуруҳидаги биродарлар, бугунги мавзумиз гуруҳдаги маблағ ҳақида боради. Кичик уй гуруҳига асосланган жамоатларда қандай харажатлар бўлиши мумкин? Аввалом бор шу ҳақида гаплашиб олсак. Асосан гуруҳ аъзолари Хушхабар тарқатиш учун бирор ерга жўнаб кетиш вақтида керакли китоблар, йўлкира хаққи ва шунга ўхшаш нарсалар учун маблағ керак бўлади.

Ёки бўлмаса гуруҳ аъзоларидан кимлардир семинар ёки конференцияга юбориш учун ҳам маблағлар керак бўлади. Булардан ташқари уй гуруҳлари маҳаллада ёки биродарларнинг орасида қийналиб қолган инсонларга ёрдам беришлари учун ҳам маблағ талаб этилади. Энди энг муҳим савол. Шу харажатларни қандай қилиб қоплашимиз мумкин? Ҳар бир инсон вояга етганидан сўнг, алоҳида хўжалик бўлиб чиқади ва ҳамма ўзининг оиласи учун ўзи қайғуради. Бу дегани барча инсон ўзининг халол меҳнати орқали пул топиб оиласини боқади деганидир. Бу дегани барча кичик уй жамоатлари ҳам ўзларининг меҳнатлари орқали маблағ топиб ўзларини боқади деган маънони англатади.

Ушбу маблағлар ҳар бир жамоат аъзоларининг улушларидан келиб тўпланади. Азизлар, ҳар бир инсон ўз меҳнати орқали топган маблағининг ўн фоизини Худованд учун ажратиб бериши Эски Аҳд китобида ёзиб қўйилган. Худованднинг каломидан битилган ҳар бир сўз ҳозирги кунга қадар ўз кучини йўқотмаган. Янги Аҳд китобида эса Муқаддас Руҳ ҳаворий Павлус орқали шундай маслаҳат беради: “Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Худо рози бўлиб берувчини севади”. Иккинчи коринфияликларга мактубининг 9 боби 7 ояти.

Шунинг учун кичик уй гуруҳлари ташкил топганидан бошлаб, Худованд учун ўн фоиз маблағ ажратиб бериш барчага ўргатилиб борилиши керак. Худованд чин кўнгилдан ушур берувчи ҳар бир инсонни баракалайди. Азиз биродарлар, тўпланган ушур барчаси Худога тегишлидир ва Худонинг пули саналади. Шундай экан ушбу пулларни санаб бориш керакли вақтда бутун гуруҳ олдида ҳисобот бериб бориш ҳам олий хизматлардан бири саналади. Ушбу пулларни қарзга бериш, Худонинг хизматидан ташқари нарсаларга сарфлаш асло мумкин эмас. Гуруҳнинг молиявий ишлари биродарларнинг олдида шубҳадан ҳоли бўлиши керак. Иложи борича бундай пуллар чўпонда ёки бошқа хизматчида сақланмагани маъқул.

Гуруҳдаги ишонарли, иложи бўлса ёши каттароқ биродарлар шу иш билан шуғуллангани маъқул. Азиз биродарлар, асло бировларнинг ёрдамига суянманг. Худованддан сўранг ва Худо баракалайди. Барчангизга барака ва тинчлик тилаб, мавзумизга якун ясамоқчиман. Шу билан бирга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини ҳам эслатиб ўтсам: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top