Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Азиз биродарлар, баъзида шундай гапларни ҳам эшитиб қоламиз: “Эх, агар мен ҳозир масиҳий бўлмаганимда, шу ишни қилган бўлардим”. Бундай гапларни масиҳий инсонлар баъзида айтиб қолишади. Демак, ушбу гапдан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, агар шу инсон масиҳий бўлмаганида, албатта Худога маъқул бўлмаган қандайдир гуноҳ ишни қилган бўларди. Албатта, бу ишни қилмаслиги учун масиҳийлик халақит қилмоқда. Бошқача фикрлайдиган бўлсак, шу инсон ҳали ҳам гуноҳнинг қуллиги остида ёки шайтоннинг қуллигида юрибди.
Ҳақиқий масиҳий инсон ҳеч қачон ўзининг кимлигидан афсусланмайди. Айримлар ўйлайдики, масиҳий бўлиш ўлимдан сўнг бўладиган ҳаёт учун яхши. Лекин ҳозирги вақтда, яъни инсон шу ҳаётда яшаб юрганида масиҳийлик керак эмас. Албатта, ушбу гапларни содиқ масиҳий инсон қабул қилиши анча мушкул. Аслида масиҳийлик ушбу дунёда инсонларни тўғри йўлдан бориши учун ва Худовандни ҳозирнинг ўзида таниб билиб тоза юрак билан Унинг ҳузурига кириши учун керак. Азиз биродарлар, шундай нотўғри фикрда юрган инсонларни биз айтишимиз мумкинки, улар ҳали ҳам шайтоннинг қуллиги остида. Улар озод бўлиши учун инсонавий ўйлаганимизда кўп руҳий меҳнат талаб этилади. Биз азизлар яхши биламиз, ҳақиқий масихий инсоннинг юрагида ёвузлик ҳеч қачон макон қуриб яшамайди.
Аксинча, унинг юрагида Масиҳ яшайди. Масиҳий инсон тавба қилган пайтида ўзининг гуноҳларидан ва гуноҳга олиб борадиган йўлидан бир юз саксон градусга бурилиши лозим. Ҳатто келажакда шу йўлга яна қайтишни ҳаёлига ҳам келтирмаслиги керак. Азиз биродарлар, ҳозирги кунда унчалик тўғри бўлмаган йўлдан бораётган жамоатлар ҳам йўқ эмас. Сиз билан бизнинг вазифамиз шундай жамоатлар учун ибодат қилишдир. Нотўғри йўлдан бораётган айрим жамоатларни қандай қилиб тўғри йўлга солиш мумкин бўлади? Бунга фақатгина битта жавоб: уларнинг тавба қилиши орқалидир. Албатта барчасининг сабабчиси шайтоннинг қилаётган ишларидир. Шайтон жамоатларга ёки биродарларга ҳужум бошлаган пайтида кўпинча буни ҳеч ким сезмайди.
У жуда айёрлик билан ўзининг ишин бошлайди. Ўйлайманки, унинг биринчи қиладиган иши жамоатларда биродарларнинг орасидаги севгини йўқ қилишдир. Севги йўқолди деган гап биродарлар бир бирига қаршилик қилишни бошлади дегани. Ундан кейин нималар содир бўлишини сиз азизларга айтиб ўтиришни хожати бўлмаса керак. Ҳурматли биродарлар, агар сиз тўғри йўлни танлаган бўлсангиз ҳеч қачон, афсусланманг. Дунёнинг лаззатлари инсон учун ҳеч қачон абадий ҳаёт бера олмайди. Аксинча инсонинг халокатга бориши учун замин яратади. Азиз биродарлар, орамиздаги севги ҳеч қачон тугамасин. Шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com Ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва бир бирингизни руҳий ҳаётингиздан хабардор бўласиз. Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг азизлар.