Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, доимо гуруҳ бошқарувчилари учун ибодат қилиш ҳар бир кичик уй жамоатларининг вазифаларидан бири саналади. Сабаби, улар ҳам худди бизга ўхшаган биродарлардир. Лекин ҳар бир гуруҳ етакчиларини Худованднинг Ўзи танлаб айнан шу хизматга қўйгани рост. Шунинг учун ҳам шайтон ҳеч иккиланмай етакчиларга доимо ҳужум қилади.
Бундан ташқари гуруҳ бошқарувчилари ҳам инсон бўлгани сабабли шайтон уларни гуноҳ қилишга ҳам мажбурлаши мумкин. Шу сабабли бошқарувчилар учун ибодатда бўлиш ҳар биримизнинг вазифамиз, деб айтамиз. Биринчи Юҳанно мактубининг 1 боби 8 оятини биргаликда ўқиб кўрсак: “Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва кўнглимизда ҳақиқат бўлмайди. Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир”.
Ушбу оятдан ташқари яна 1Юҳанно мактубининг 2 боби 2 оятини ҳам биргаликда ўқиймиз: “Унинг Ўзи ёлғиз бизнинг гуноҳларимизнигина эмас, балки бутун дунёнинг гуноҳларини ювиш учун қурбон бўлди.” Азиз биродарлар, гуруҳ етакчилари ҳам ўзларининг заифлигини ва Худованднинг ёрдамига муҳтожлигини тан оладиган мард етакчи бўлиши лозим. Агарда етакчиларнинг айримлари ўзларидаги эски ҳаёти давомидаги қилиб юрган гуноҳ ишларидан воз кечиб, Худованд билан янги ҳаёт бошламас экан, албатта фақатгина бундан уларнинг ўзлари эмас, балки бутун бошли гуруҳ ҳам қийналиши мумкин.
Инсондаги гуноҳ албатта ўзининг таъсирини ўтқазмай қолмайди. Кичик уй гуруҳлари ўзларининг етакчилари билан биргаликда солиҳлик, севги ва мустаҳкам имон сари интилиб яшашлари керак. Гуруҳ ўсиб боргани сари етакчиларнинг вазифалари ва Худованднинг олдидаги жавобгарликлари борган сари ошиб боради. Ҳар бир гуруҳ етакчилари ўзларининг манфаатларини эмас, аксинча, Худованднинг манфаатини ўйлаб хизмат қилишлари керак. Гуруҳ бошқарувчилари бир нарсани тан олиб хизмат қилишлари керак. Раббимиз Исо Масиҳ жамоатнинг боши, биз қолган биродарлар эса тананинг бошқа аъзоларимиз. Шунинг учун ҳам ҳар бир кичик уй гуруҳлари, катта жамоатлар ҳам, қолаверса ҳар бир имонли биродар Худовандга тегишли.
Худованд эса ҳар биримиз ҳақимизда қайғуради. Шундай экан, Раббимиз жамоатнинг бош чўпони бўлса, ҳар биримиз Унга чин кўнгилдан астойдил хизмат қилайлик. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com Ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва форумда иштирок этиб, ўз фикрларингиз орқали бошқалар билан ўртоқлашинг. Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.