Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, ҳар бир масиҳий инсоннинг ва қолаверса ҳар бир жамоат ва кичик уй гуруҳларининг бирдан бир мақсади — Худовандни улуғлаш ва Унга шон-шуҳрат келтиришдир. Тўғрисини тан олиб айтишимиз керак. Ҳозирги кунда Хушхабар айтиш бундан ўн-ўн беш йил илгаргига нисбатан сал сустлашгандек. Албатта бунинг ҳам ўзига яраша айрим сабаблари бор. Азизлар, мен ҳозир ушбу сабабларга тўхталиб ўтишдан йироқман. Буни менсиз ҳам ўзингиз яхши биласиз, деб ўйлайман.
Лекин бир нарсада сизларга бир оз бўлсада кўмаклашишга ҳаракат қилмоқчиман. У ҳам бўлса: “Олға, биродарлар”, деб айтмоқчиман. Азизлар, агар Худованд биз билан бирга бўлса, ким нима қилолади? Азиз биродарлар, Худованд ҳеч қачон Ўзи биз билан бирга бормайдиган жойга бизни ҳам юбормайди. Ҳозирги кунда бизнинг Ватанимизда ҳам анча-мунча Масиҳга ишонадиган биродарларимиз бор. Энди ўйлаб кўрайлик, агарда ўттиз мингта масиҳий биродарлар бўлса, шундан ярими бир йилда биттадан кишига Хушхабар айтиб, уларни жамоатларга олиб келишга мувофақ бўлсак, демак, бир йилда масиҳий биродарларнинг сони яна шунчага ўсди дегани.
Азиз биродарлар, мен ишонаман, ҳар биримиз ва ҳар биримиз қатнаётган жамоатлар ва кичик гуруҳлар доимо Ватанимиз учун ибодат қиламиз. Худованд эса хоҳлайдики, ибодат билан биргаликда ҳаракат ҳам қилишимизни. “Ҳаракатда эса баракат” деб бекорга айтишмаган. 1 Коринфияликларга мактубининг 10 боби 31 оятида ҳаворий Павлус айтадики, “нимаики қилсангизлар ҳам Худовандни улуғлаш учун қилинглар,” деб. Тўғри, кимдир ўз иши орқали, яна бошқамиз турли хизматларимиз орқали Худовандни улуғлаймиз. Лекин Хушхабар айтиш орқали Худовандни улуғлаш умуман бошқачадир. Азиз биродарлар, мен олдинги эшиттиришларимиз орқали ҳам кўп бора айтган эдим.
Ҳозир ҳам айтаман. Ўзимиздан бошқа ҳеч ким биз учун ва бизнинг ватандошларимиз учун қайғурмайди. Шундай экан, олға, азиз биродарлар! Мен бир ажойиб чўпонни биламан. Унинг кичкина уй гуруҳи бор эди. У биродаримиз гуруҳ аъзоларига шундай шарт қўяр эди. Яъни гуруҳ аъзолари ҳар уч ойда бир кишига Хушхабар айтиб, шу инсонни гуруҳга олиб келиши шарт эди. Албатта, мен бундай шарт қўйиш тўғри ёки нотўғри, деб айтишдан йироқдаман. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Шу чўпон биродаримизда аниқ бир мақсад бўлган, яъни кўпроқ Хушхабар айтиш мақсади. Балки шунга ўхшаш мақсадлар ҳозирги кунда ҳам керакдир.
Ахир одамлар Хушхабар эшитса, бунинг нимаси нотўғри бўлиши мумкин? Ҳурматли биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир бор айтиб ўтмоқчиман: www.najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.