3:37

Руҳий ғалаба 251

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз биродарлар, ҳар қандай жамоат ҳам ҳақиқат йўлидан чалғиб кетмаслиги учун ҳеч ким кафолат беролмайди. Тўғри, йўлдан чалғиб кетмаслигимизнинг айрим сабаблари бор. Агарда шу кўринишдаги сабабларга амал қиладиган бўлсак, демак, кўпгина чалғишлардан халос бўламиз. Демак, йўлдан чалғиб кетмаслик учун доимо Хушхабарни тўғри таълимотга асосланиб гапириш керак, бундан ташқари турли мавзудаги воизликлар ҳам катта ёрдам беради. Агар Ваҳий китобидан 3 боб 8 оятини ўқиб кўрадиган бўлсак, айнан Филадельфия жамоатларида шуни кўришимиз мумкин.

Келинг азиз биродарлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Сенинг ишларингни биламан. Мана, олдингдаги эшикни очдим, уни ҳеч ким бекита олмайди. Сенда куч кўп эмас, аммо Менинг сўзимни сақладинг, номимни инкор этмадинг”. Албатта ушбу сўзларни Раббимиз Исо Масиҳ миннатдорчилик сифатида шу жамоатларга қарата айтган эди. Азиз биродарлар, 9 оятда Раббимиз яна Ўз сўзида давом этиб, шайтон йиғилишидан бўлганлар ҳақида гапиради. Улар Худованднинг Хушхабарига қарши бўлганлар эдилар. Кўпгина қувғинларга қарамай, Раббимиз Исо Масиҳ Филадельфия жамоати учун эшикларни очиб берди. Нима учун Исо Масиҳ шу ишни амалга оширди? Шу биргина жамоат орқали бошқаларга Ўзининг ҳақиқатини кўрсатмоқчи эди.

Бундан ташқари бошқа йўлдан кетган, яъни чалғиганлар учун бор ҳақиқатни кўрсатиш жуда муҳим бўлган. Филадельфия жамоатидаги биродарлар жуда кўп меҳнат қилишди. Улар имкон қадар қўпроқ одамларга ҳақиқат йўлини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Уларнинг қилган меҳнатлари эса жуда самарали эди. Чунки Филадельфия жамоати Раббимиз Исо Масиҳнинг сўзларини сақлаб, Ундан ва бор ҳақиқатдан юз ўгиришмади. Худованд эса ўз ўрнида ушбу жамоатни марҳаматлади. Азиз биродарлар, қачонки биз масиҳийлар Худонинг сўзини гапирганимизда, шайтоннинг йиғилишидан бўлганлар Худованд олдида тиз чўкади. Чунки Худованднинг ҳар бир сўзи катта кучга эгадир. Ҳурматли биродарлар, Римликларга мактубининг 1боби 16 оятини сизга ўқиб берсам.

“Ҳар ҳолда мен Инжилдан ор қилмайман. Аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун Инжил Худонинг халоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир”. Азизлар, ёвуз кучлар билан жанг бўлганда, биз масиҳийлар учун нима омад келтириши мумкин? Албатта ёвуз кучларни ҳайдаш ёки шайтонга ман этиш бу бизнинг ишимиз эмас. Буни фақатгина Худованд қилиши мумкин. Бизга омад келтирувчи манба эса Худованднинг ҳақиқат сўзини тинимсиз бошқаларга гапириш. Шунинг билан азиз биродарлар, бизга ажратилган вақт ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Албатта бизнинг ушбу манзилимизга мактуб йўлланг, сизнинг фикр мулоҳазаларингиз биз учун жуда муҳим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top