Ассалому алайкум мунис ва меҳрибон опа-сингиллар. Сир эмаски, биз аёлларни тушкунлик тез-тез йўқлаб туради. Бу меҳмон нафақат сизга ҳамма аёлларга жуда таниш. Шундай пайтларда ўзимизни жуда ёлғиз, меҳрсиз ва кучсиз сезамиз. Тушкунлик бир нави, баъзан нотўғри фикрлар бизни тинимсиз таъқиб қилади. Ўзимизни улардан соқит қила олмаймиз. Масалан, мен улардан бир нечтасини санаб ўтаман. Сиз эса улардан қай бири сизни таъқиб қилишини тан олинг. Баъзан биз аёлларда шундай фикрлар бўлади: — Мен ҳеч қаерга тегишли эмасман. Мен ҳар доим четда қолиб кетаман.
— Менинг ҳис туйғуларимни ҳисобга олишмайди. Менинг нималарни ҳис қилишим ҳеч кимни қизиқтирмайди.
— Ҳеч ким мени севмайди. Ёки мени ўзлигимча қабул қилмайди.
— Мен ҳар доим ёлғиз бўламан. Менинг севимли кишим умрбод мен билан қолмайди.
Бундай ёлғон фикрларга ишонган аёл ўзини ғалати тутади. Мана шундай нарсалар унинг бошига тушмаслиги учун унинг ўзи олдиндан ҳимояланади. Қандай қилиб дейсизми? Рад этиш билан. Шундай нарсалар унинг бошига тушишидан, унинг қалбини жароҳатлашидан қўрққан аёл бошқаларнинг ёрдамини, муҳаббатини, эътиборини рад этади. Шу рад этиш унинг одатига айланиб қолади. Қалбини ҳам ўзини ҳам бутунлай қобиқ ичига ўраб олади. Бошқалар унинг аслида қандай инсон эканлигини билмайди. Унинг бунчалик ўзини кўпчиликдан олиб қочишига ҳайрон бўлишади.
Агар сиз ҳам юқоридаги ёлғонлардан бирига ишонсангиз, уларни тезда рад этинг. Қалбингизда ардоқлаб сақлаб ўтирманг. Бу фикрни тезда қувиб солиш зарур. Акс ҳолда бу фикрга ишониб, ўзингиз ҳам ўшандай бўлиб қоласиз. Масалан: «Мен ҳеч қаерга тегишли эмасман, ҳар доим четда қоламан», — деган ёлғон фикрга ишонсангиз, ўзингизни бошқалардан четлаштириб қўясиз. Маҳалла куй, қўни-қўшнилар билан йиғилишганда ҳам, ишхонада ҳамкасблар билан суҳбатлашганда ҳам ўзингизни олиб қочасиз. Мени қабул қилишмайди, деган фикр билан уларга яқинлашмайсиз. Яқинлашган тақдирингизда ҳам фикрларимни эшитишмайди, дея бир оғиз ҳам гапирмайсиз. Натижада улар ҳам сизнинг камгаплигингизга, ўзингизни олиб қочишингизга кўникиб қоладилар. Охири-оқибатда сизни ўз жамоасига қабул қилмайди. Кўраяпсизми, сиз ишонган нотўғри фикр сизни ўшандай қилиб қўяди. Аслида эса бундай эмас.
Агар сиз бу фикрни рад этиб, унинг аксини тан олсангиз ва шунга кўра ҳаракат қилсангиз, жуда ажойиб характерли аёл эканлигингизни ҳамма билади. Сиздан ҳам қизиқ фикрларни эшитишади. Сиз ҳам уларнинг эътиборини, меҳрини ҳис қиласиз. Ëлғонларга ишониб, ўзингизни ўз қобиғингизга ўраб олманг. Бошқаларнинг меҳрини рад этманг.
Бу дунёда оғриқсиз ҳаёт кечириб бўлмайди. Сиз бу ёлғонларга ишонмаган тақдирингизда ҳам қайсидир имонсиз кўнглингизни ранжитиши, оғритиши мумкин. Бироқ бу оғриқлар ҳам сизнинг фойдангизга. Худованд бу оғриқларни Ўзининг муҳаббати билан олиб ташлайди. Оғриқлардан ўтгач, бошқаларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини яна ҳам яхшироқ тушуна бошлайсиз. Муҳими шу оғриқлар вақтида Худо билан бирга бўлиб, Унинг тўғри фикрларини қабул қилиб, ўзингизни яккалатиб қўйманг. Бошқаларни ўзингиздан узоқлаштирманг.