Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз биродарлар ва ота-оналар, бугунги мавзумизни болаларимиз ҳаётига боғлиқ суҳбат билан давом эттириш ниятидаман. Марҳамат тингланг. Азиз ота-оналар, бизга яхши маълумки, болалар айниқса ўғил болалар ўсмирлик даврида бироз қайсар бўлиб қолишади. Ота-она учун болаларнинг ўсмирлик давридаги энг қийнайдиган нарса — ўсмирларнинг “нима учун” деган саволи десак хато қилмаган бўламиз. Баъзи пайтларда ота-оналарга ўсмир болани тушуниш қийин бўлади.
Нима учун ўсмир бола бошқа йўлдан боришни танлади? Ушбу йўлдан бориш охир- оқибатда унинг ҳаётини бузилишига олиб келади-ку! Нима учун у Раббимз Исо Масиҳнинг кўрсатган йўлидан боришни танламади? Оилада болалар кўп бўлса, уларнинг айримлари тўлиқ бўлмасада, Масиҳнинг кўрсатган йўлидан бориши мумкин, фақатгина биттаси умуман бошқа йўлни танлиши мумкин. Азиз биродарлар, ўсмир бола қайсарлик йўлига ўтган заҳоти унинг сабабларини топишга ва ўрганишга ҳаракат қилишимиз керак.
Кўпчилик ота-оналар ўзларининг шахсий изланишлари оқибатида маълум бир ютуқларга эриша оладилар. Энг аввало, қайсар ўсмирнинг ота-онаси Худога мурожаат қилишлари керак. Бундай ота-оналар учун Худованднинг кундалик юпатиши ва куч-қуввати жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. Асло ўз фарзандингизнинг келажак ҳаётини режалаштириш учун сустлашманг. Аксинча, охиригача ҳаракат қилишга одатланинг. Амалий ёрдам олиш учун турли масиҳий китобларни олиб ўқишга ҳаракат қилинг.
Оилангиз билан биргаликда Худовандни улуғлаб, турли мавзулар бўйича биргаликда йиғилиб ибодат қилинг. Ўсмир фарзандингиз сал бўлсада нигоҳингиздан узоқлашмасин. Азизлар, ёдингизда бўлса, ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган ҳар бир мактубларида “сени доимо ўз ибодатларимда эслаб турибман” деб ёзарди. Фарзандларингизни доимо ўз ибодатларингизда эслаб туринг. Азиз биродарлар, ўйлайманки, энг тўғри йўл — фарзандларимиз ўсмирлик даврига келиб, ўзи танлаган йўлдан боришларини кутиб ўтирмаслигимиз керак. Уларга Раббимиз Исо Масиҳнинг йўлидан бориш ва ушбу йўл қаерга олиб боришини олдиндан кўрсатишимиз керак.
Шунингдек, ушбу йўлда учраши мумкин бўлган баъзи қийинчиликларга ҳам уларни олдиндан тайёрлашимиз керак.Ўсмирларга нисбатан бироз қаттиққўлроқ бўлиш керак. Лекин севги билан уларни тўғри йўлга бошлай билиш зарур. Бу шундай нарсаки, азиз биродарлар, гўё шарни пуфлаб ишираётгандек гап, ўз вақтида тухтатмасангиз, пақ этиб ёрилиши мумкин. Ҳар бир нарсани ўз меъёри бўлгани маъқул. Азизлар, Худованд энг доно устозимиздир. Унинг маслаҳати билан иш кўрсак, асло хатоликка йўл қўймаймиз. Шунинг билан азиз биродарлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр соғ-саломат бўлинг.