3:25

Болаларнинг ўсишига ёрдам 267

MP3

Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи дўстларимиз. Яна сиз азизлар билан ҳаво мавжларида соғ-омон учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тингланг. Азиз ота-оналар, айтишларича кимнидир нимагадир ўргатишнинг учта усули бор экан. Келинг ана шу учта усулни санаб ўтсак. Демак. биринчиси — уни ўқитиш мумкин; иккинчиси — унга намуна бўлиш мумкин ва охирги учинчиси — у учун доимо ибодат қилиш мумкин экан. Болага шундай ўқитиш керакки, улар ўзларининг яшаш тарзи билан ҳар куни Худовандни хурсанд қилишлари керак.

Албатта бунга эришиш осон иш эмас. Доимо ҳаракат ўзининг ажойиб ҳосилини келтиришини билиб, ана шу ҳосилни мевасидан қачондир баҳраманд бўламан деган маънода ҳаракат қилиш лозим. Болани қандай ўқитсак-ўргатсак, худди шунга яраша ҳосил оламиз. Худди бирон-бир мевали дарахт каби дарахтни қанчалик парваришласак, у ҳам бизга шунга яраша ҳосил келтиради. Баъзи пайтларда болани ўқитишга ёки унга ниманидир ўргатишга шунчалик эътибор қаратамизки, қолган икки муҳим масала иккинчи даражали бўлиб қолаверади.

Азиз биродарлар, масиҳий инсоннинг шахсий намуна бўлиши катта таъсирга эгалиги ёдимиздан чиқмаслиги керак. Лекин намуна бўлиш бўйича бир муҳим нарса бор. Ўйлайманки, инсонлардан ҳеч биримиз комил масиҳий эмасмиз ва ҳеч биримиз Раббимиз Исо Масиҳдек бошқаларга намуна бўла олмасак керак. Энг кучли масиҳий биродар ҳам орадан вақт ўтиб, қандайдир камчиликларга йўл қўйиши мумкин. Лекин азиз биродарлар, биз бундан қўрқмаслигимиз керак. Биз доимо Худонинг ёрдамига муҳтожмиз ва ўзимиздаги камчиликларни енгиш учун Худованднинг кучи билан курашишимиз керак.

Азиз биродарлар, болаларимиздаги камчиликларни ва Худовандга маъқул бўлмаган камчиликларни енгиш учун биз ҳам улар билан биргаликда курашишимиз керак. Шунинг учун ҳам Худованд фарзандларимизга биздек масиҳий ота-оналарни берган. Тан олишимиз керак, болаларимиз учун доимо ибодат қилмаймиз. Бу биз ота-оналарнинг асосий камчиликларимиздан биридир. Ибодат эса боланинг ўзгариши учун энг кучли қуроллардан бири саналади. Ёқуб китобининг 5 боби 16 оятида шундай ёзилган: “… Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир”.

Худованд ҳар бир масиҳий инсонни етарлича доно бўлиши учун қайғуради. Бунинг учун биз ота-оналар Худодан донолик сўрашимиз ва шунга яраша яшашимиз ва Худодан ўрганишимиз керак. Баъзида бизга донолик етишмайди. Чунки ибодат қилиш ёдимиздан чиқади. Худованд ҳар биримизнинг оиламиз ҳақида қайғуради ва оиладаги бизни қийнаётган муаммоларни ҳал бўлиши учун бизга ёрдам беради. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етай деб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top