3:22

Руҳий ғалаба 261

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан мен, эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азизлар, Худованд биз имонлиларга радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашишга имконият бермоқда, шу имконият учун миннатдормиз. Азиз биродарлар, биз ўтган эшиттиришларимиз орқали сизлар билан шайтоннинг айрим айёрликлари ва масиҳий биродарлар учун тузилган айрим режалари ҳақида суҳбатлашган эдик. Биз айтган эдикки, шайтон масиҳийларни асосан Худовандга нисбатан иккилантиради ва шу орқали Худо йўқ деган тушунчага олиб келади, деб. Азизлар, шайтоннинг асосий режалари фақатгина бу эмас, балки яна бошқа режалари ҳам мавжуд экан.

Шулардан яна бири, масиҳийларнинг ҳаётидаги қийинчиликлардир. Шундай пайтлар бўладики, айрим биродарларимиздаги муаммоларнинг охири кўринмайдигандек. Шайтон ҳаётимизда оддийгина қийинчиликларни эмас, балки жуда оғир қийинчиликларни юборади ва шу орқали инсонга шундай фикрларни берадики, “мана, нима учун сен ишонган Исо Масиҳ сенга ёрдам бермаяпти, демак, У йўқ” деган тушунчани беради. Ҳурматли биродарлар, шайтон кўпинча ўзининг асосий қуроли сифатида қувғинни ишлатади. Айниқса ҳозирги кунда ушбу сўз ҳар бир масиҳий биродарга яхши таниш бўлса керак. Кўпчилик биродарларимиз шайтоннинг айнан шу усулини ўз бошидан кечирган бўлиши керак.

Лекин шунга қарамай ҳозирги кунда масиҳий биродарларимизнинг сони янада ошиб бормоқда. Бу албатта қувонарли ҳолат. Бир биродаримиз хизмат юзасидан океан орти мамлакатига ташриф буюради ва бир катта жамоатда мамлакатимизда бўлаётган хизмат ҳақида ва шунингдек қувғинлар ҳақида сўзлаб бериб биргаликда ибодат қилишни таклиф этади. Ибодатдан сўнг бир чет эллик биродар унинг олдига келиб, “уялмайсизми ёлғон гапиришга, қанақа қувғин, ахир ҳозир биз йигирма биринчи асрда яшамоқдамиз” деб ўзининг эътирозини билдиради.

Шунда биродаримиз, “агар ишонмасангиз мен билан бирга бориб хизмат қилишингиз мумкин. Кўп эмас, кам эмас бир ой Хушхабар айтиб одамларга нажот йўлини кўрсатасиз” деб айтади. Хуллас чет эллик биродар бошқалардан сўраб- суриштириб бизнинг биродаримиз ҳақ эканлигини тан олиб кечирим сўраган экан. Шу чет эллик биродар ҳозирги кунга қадар бизнинг мамлакатимиз ва хизматчиларимиз учун доимо ибодатдадир. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, қувғинлар бу вақтинчалик, албатта Худо қувғин пайтларида ҳеч кимни ёлғиз ташлаб қўймайди. Фақатгина Унинг буюк куч-қудратига ишона олсак бас.

Азизлар, ҳар бир масиҳийни қувғин қилаётган инсон ҳам Худованд томонидан яратилган бандадир. Шунинг учун ҳам шу инсонни Худованд бошқара олади ва истаган пайтида ҳар қандай қувғинни тўхтата олади. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернетдаги сайтимиз манзили: www.najot.com яна сиз азизлар билан тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top