Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, мен яна сиз биродарларим билан радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада дийдор учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тинглаб дам олинг. Азиз биродарлар, нима учун биз ёлғон таълимот тарқатувчилардан эҳтиёт бўлишимиз керак? Сабаби, улар Худованднинг сўзини нотўғри ишлатиш орқали масиҳийлар орасида бошқа таълимотларни тарқатади. Ачинарлиси шундаки, кўпчилик масиҳийлар бундай таълимотларни тўғри деб биладилар ва қабул қиладилар.
Азиз биродарлар, мен бир биродаримиз ҳақида сизга озгина маълумот бериб ўтмоқчи эдим. Агарда шу биродар билан қандайдир семинар ёки бошқа масала бўйича бирор ерда бирга бўлиб қолсак, у албатта ҳар бир инсоннинг юриш-туришидан тортиб, ибодат қилишигача ҳар бир сўзларни диққат билан тинглаб ўтиради. Ҳатто жамоатларда айтиладиган воизликларни ҳам ҳар бир сўзини текшириб ўтиради. Агарда Муқаддас каломга асосланмаган нимадир топса, албатта шу ҳақида айтади. Мен бошида шу дўстимиздан бироз кўнглим ранжигандай бўлди.
Тўғри-да, ҳаётда ҳам гапираётган ҳар бир сўзингизга кимдир тегишаверса, шу инсондан ўзингизни олиб қочишга ҳаракат қиласиз-ку. Лекин ўйлаб қарасам, шунга ўҳшаш биродарлар жамоатлар учун керак экан. Чунки Худонинг сўзи доимо Муқаддас каломга асосланган бўлиши керак. Ҳозирги кунда ёлғон таълимот тарқатувчи, яъни шайтон ўзининг қуллари орқали мактабларга, семинар ва ибодатхоналарга кириб боришга ҳаракат қилмоқда. Албатта буни олдини олиш зарур. “Қандай қилиб?” деган жуда муҳим савол ўз-ўзидан пайдо бўлади.
Биринчи галда ибодатхоналарда доимо тўғри ва каломга асосланган таълимот билан биродарларни руҳий онгини тўлдириш керак. Масалан, бирор бўшлиқни нима биландир зич тўлдирсак, ортиқча нарса у ерга бошқа сиғмайди. Шу каби биродарларнинг руҳий онгини тўғри таълимот билан тўлдириш зарур. Азиз радио тингловчи биродарлар, 2 Тимўтий китобининг 2 боби 14 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Бу нарсаларни эслатиб тур, қуруқ баҳс-тортишувлардан қочишни Раббимиз номидан ҳаммага қаттиқ тайинла. Бундай баҳслар тингловчиларни айнитишдан бошқа нарсага ярамайди”.
Менимча, жамоатларда ёлғон таълимот тарқатувчи бўлса, аввало улар учун ибодат қилиш керак. Шундан сўнг уларни вақтинчалик хизматдан тўхтатиб туриш зарур. Имконият бўлса қайсидир масиҳий колледж ёки мактабларда ўқиб, ўзининг маълумотини янгилашига имконият бериш яна ҳам фойдалироқ бўлади, деб ўйлаймиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, доимо соғлом таълимот ҳеч биримизни тарк этмасин. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги мавзумизга якун ясамоқчиман. Бундан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com азиз биродарлар, ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва форумда иштирок этиб, турли хил мавзулар бўйича ўз фикрларингизни билдиринг. Ҳозирча хайр омон бўлинглар.