Ассалому алайкум тадбирли опа-сингиллар. Уйимизда доимо тартибни, тозаликни сақлаш учун нималар қилишимиз керак. Уйни тозалашнинг ўзигина етарли эмас. Баъзан буни бир кунда уддалашнинг иложи бўлмайди. Шунинг учун вақтдан унумли фойдаланиш учун вақтни режалаштиришни ўрганинг. Масалан ҳар бир кунингиз учун режа тузинг. Иложи бўлса, режалаштириш учун дафтар тутинг. Режаларингиз қанчалик пухта бўлса, уйни – рўзғорни бошқаришингиз ҳам шунчалик яхши кечади. Бир кунда икки марта режалаштиринг. Дастлаб куннинг бошида, кейин эса кечқурун. Вақтингизни тўғри бошқариш учун бугунги кун билан яшанг. Худо биздан шуни истайди. Исо Масиҳ шундай деган эди: «Бинобарин, эртанги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар» (Мат 6:34). Яна Забур китобида бугунги кун ҳақида шундай дейилган: «Худованднинг яратган кунидир бу, ундан шод бўлиб севинайлик!» (Заб 117:24). Ҳар бир кун муҳим. Бугун ўзингни қандай тутишинг, келажакда сенинг қандай бўлишингни кўрсатади.
Бугунги кун билан яшар экансиз, ҳар бир дақиқани қадрлашни ўрганинг. Уйдаги ишларнинг ҳар бирини бир неча йиллардан бери қиласиз. Бу ишлар қанча вақт олишини биласиз. Кейин эса ўша ишни қилишга вақт белгилангда, ишга киришинг. Ўтган вақтнинг қанчалик қадрли экани сизнинг шу вақт давомида нималарга улгурганингизга қараб белгиланади. Вақтингизни бекорга сарфламасликка ҳаракат қилинг.
Дангасалик инсон танасига жуда тез кириб олади. «Бироз дам олай», — деган аёл дам олишга ўрганиб қолади. Инсон танаси қанча кам ҳаракат қилса, шундай кам ҳаракатликка ўрганиб қолади. Қанча кўп ҳаракат қилса, бу унга фойда. Шунинг учун танангизни кўпроқ ҳаракат қилдиришга ўрганинг. Шунда кун тартибингиздаги кўпроқ ишлар амалга ошади. Вақтни режалаштиришдаги энг муҳим ҳаракат бу – қиладиган ҳар бир ишни белгиланган вақтда бажаришдир. Масалан сиз эрталаб нонуштани соат 7 га тайёрлашга ўргангансизми? Бу нарса Якшанба куни ҳам шундай бўлсин. Ҳар куни маълум бир вақтда бирор ишни қилишингиз керакми, ўша ишни албатта қолдирмай бажаринг. Дангасалик қилманг. Вақтингизни бекорчи нарсаларга сарфламанг.
Аёл кишининг уйдаги ишлари тугамайди, бироқ бугуннинг ишларини режалаштирсангиз, албатта тугайди. Ундан ташқари вақтингиз ҳам ортиб қолади. Шундай пайтларда бадантарбия билан шуғулланинг. Бу қоматингизни чиройли сақлаш учунгина эмас, танангизни соғлом сақлашга ҳам хизмат қилади. Бадантарбия билан шуғулланадиган аёллар кўп ишлаганда ҳам чарчашмайди. Бадантарбия киши организмига қўшимча куч беради. Кўпроқ ишга улгурай десангиз, кун аввалида бадантарбия қилинг. Ҳар бир аёл организмига қайси маҳсулот мумкин, қайси бири мумкин эмаслигини билади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, организмингиз учун зарарли бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилинг.
Соғлом аёл кўп ишларни қилишга улгуради. Вақтингизни тежашни, уни тўғри бошқаришни истасангиз, юқоридаги маслаҳатларимизга амал қилинг. Бироқ булар ҳаммаси эмас, бизнинг кейинги суҳбатларимиз давомида вақтингизни яна ҳам самарали ўтказишнинг муҳим қоидалари билан танишасиз.