Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио мухлисларимиз билан яна ғойибона бўлсада учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Азиз биродарлар, ҳозирги кунда ёшларимизнинг кийинишини кўриб баъзилар ижобий гапларни гапирса, баъзилар бунинг аксини айтишмоқда. Сизнинг фикрингиз қандай, азиз радио тингловчи? Ёшларимизнинг замонавий кўринишда моданинг ўрни қандай? Келинг азиз биродарлар, ушбу мавзу бўйича мен шахсий фикримни айтиб ўтсам. Менимча, ёшларнинг ва ҳатто баъзи ёши катта инсонларнинг замонавий кийинишида ҳеч қандай салбий жиҳатлари йўқ.
Энг муҳими, улар ибтидоий тузум давридаги сингари ялонғоч юришмаяпти. Барча инсонлар янгича мода усулида кийинишни жуда-жуда истайдилар. Чунки ҳаммамиз ташқи кўринишимизнинг чиройли бўлишини истаймиз. Лекин бир муҳим нарсани асло ёдимиздан чиқармаслигимиз керак: янги мода услубида замонавий кийиниш бизни бахтли қила олмайди. Ёки бўлмаса биз ташқи кўринишимиз туфайли Худованднинг жаннатига кирмаймиз. Энг муҳими, инсоннинг ички дунёси гўзал бўлиши керак. Тўғри, ҳозир қанчалик модний бўлсанг, бошқалар сени шунчалик ҳурмат қилаётгандек.
Аслида бундай эмас. Кўпчилик инсонлар ҳозир бойликка ва бошқаларнинг эгаллаб турган амалига қараб дўст танлашга ўрганиб қолган. Шундай экан, инсоннинг ташқи кўриниши ҳеч қандай рол ўйнамайди. Мен яхши эслайман: мактабда ўқиб юрган кезларимда бошқа дўстларимга нисбатан яхшироқ кийинар эдим. Отам доимо яхши кийимлар сотиб олишга ҳаракат қилар эди. Бир куни шу пайтларда бироз дефицит бўлган янги “меркури” кўйлагини кийиб мактабга бордим. Шунда бир ўқитувчим айтган гапи ҳозиргача ёдимда: “Инсон моданинг ортидан қувиб юрмаслиги керак. Инсон доимо ўзига ярашадиган кийимни кийишга одатланиши керак.
Энг муҳими, инсоннинг кийими ямоқ солинган бўлса ҳам тоза ва дазмолланган бўлиши керак”, деб айтган эди. Лекин ҳеч эсимдан чиқмайди. Шу ўқитувчимиз дарсдан кейин мен ўз ёнига чақириб: “Бу кўйлакни қаердан олдинг, яна борми? Агар бор бўлса менга биттасини сотсанг-чи”, деб айтган эди. Демак, ушбу гапдан шуни англаш мумкин-ки, инсон доимо яхши кийингиси келади. Худованд биздан шуни истайдики, инсон борига шукур қилиб яшаши керак. Кимдандир қарз олиб яхши кийинишга ҳожат йўқ. Ўйлайманки, шу ерда “кўрпага қараб оёқ узатиш керак” деган мақол жуда ўринли бўлади.
Чунки янги мода услубида кийиниш оила бюджетига путур етқазиши аниқ. Мода бир жойда тўхтаб турадиган нарса эмас. Унинг ортидан қувган билан ҳеч ким унга ета олмайди. Шундай экан азиз радио тингловчи, ҳаётимизда биринчи ўринда Худованд бўлсин. Агар имкониятингиз бўлса, марҳамат, ҳеч ким қаршилик қилмайди, янги мода усулида кийиниб юринг. Бошқаларни кийимига қараб, уларни камситмаслик керак. Худовандни ёдимиздан чиқармасак бас. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азизлар билан хайрлашиб, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.