3:14

Худонинг сўзи 190

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азиз тингловчиларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, бизга қанчалик маълумки, имонли киши доимо имонда бир хил бўлиб яшай олмайди. Аслида ҳар бир имонли доимо ўз имонини мустаҳкамлаб бориш керак. Яъни имонда ўсиб бориши керак. Баъзида биз шундай руҳланиб кетамизки, ҳамма биз каби руҳан кучли бўлишини истаймиз. Лекин кўпинча биз бунинг аксини кўрамиз.

Биз масиҳийларнинг имонимиз шомолда тебранган дарахтнинг учи сингари тебраниб туради. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Имонимизнинг сусайиб қолишининг энг асосий сабабларидан бири, ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган қийинчиликлар ва муаммолардир. Қалбимизда шундай иккиланишлар содир бўлиши мумкин-ки, бизнинг ички дунёмизга зарар етқазмай иложи йўқ. Жуда камдан-кам масиҳий дўстларимиз бундай қийинчиликларга қарши тура олади. Биз Муқаддас каломдан биламизки, ҳатто ҳаворий Павлус ҳам ўз ҳаёти давомида турли қийинчиликларни ўз бошидан кечирган.

2 Коринфияликларга мактубининг 4 боби 8 оятидан 10 оятигача бўлган жойларини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Биз ҳар томонлама жабрланамиз, лекин эзилмаймиз. Мушкул аҳволда қолдик, аммо умидимизни йўқотмаймиз. Қувғинга учраймиз, лекин иложсиз эмасмиз. Ерга қулаймиз, аммо яксон бўлмаймиз. Исонинг ҳаёти баданимизда намоён бўлиб турсин деб, Унинг ўлимини доим баданимизда олиб юрибмиз”. Азиз биродарлар, ҳар биримизнинг масиҳийлик ҳаётимизда тушкунлик пайтларимиз бўлиб туради. Барчамизнинг ҳаётимизда шундай пайтлар бўлади-ки, тушкунлик ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.

Шунда: бўлди, мен энди енгилдим, деб ўйлаймиз. Йўқ, йўқ азиз биродар, ҳали сиз енгилманг. Раббимиз Исо Масиҳ дунёни енгди. У сиз учун, барчамиз учун хочда Ўз қонини тўкди. Ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган қийинчиликларни айтиб ўтсак, ишхонамиздаги нотўғри муносабат, оилавий конфликт, ён-атрофимиздаги, яъни қўни-қўшнилар билан бўлган муносабат. Азиз биродарлар, булар барчаси хал қилиш бўлган муаммолардир. Ахир Раббимиз Исо Масиҳ Ўз бошидан кечирган қийинчиликлар олдида бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ҳурматли дўстим, бугунги эшиттиришимиз орқали сизга шуни маълум қилмоқчимизки, асло тушкунликка тушманг.

Худованд билан яқинроқ бўлиб, яна руҳий муносабатни тиклаб олға қадам ташланг. Худо сизни бекорга танламади. У сизни ҳали кўп фойдали хизматларда ишлатмоқчи. Раб Исо Масиҳ сизни ва барчамизни севади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, барчангизга руҳий хурсандчилик тилаб қоламан. Дарвоқе бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва ўзингиз учун кўплаб фойдали руҳий озуқа оласиз деб, сизни ишонтирамиз. Ҳозирча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top