3:20

Худонинг сўзи 191

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда навбатдаги эшиттиришларимиздан бири. Азиз биродарлар, менинг яқин бир биродар дўстим шундай деб айтган эди: “Мен қийин аҳволга тушиб қолганимда, қисқагина сўз билан ибодат қиламан, яъни “Эй Худойим, бўлди, етарли” деган сўзлар билан. Шундай қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин-ки, гўё устимизга яна бир дона гугурт чўпини қўйса, бизни эзиб ташлайдигандек.

Лекин Худовандга ибодат орқали мурожаат қилиб: “Эй Ота, менга ёрдам бер”, деб айтишимиз устимиздаги оғир юкни бутунлай олиб ташлаши мумкин. Чунки Худованд бизга жуда меҳрибон ва У ҳар бир азобланаётган масиҳий инсонни севади. Ҳар бир масиҳий инсон тавба қилиб Худованд билан янги ҳаёт бошлаганидан сўнг, ўзига яраша синовларни бошидан ўтқазиши керак. Агар ёдингизда бўлса, Исо Масиҳ Раббимиз ҳам Муқаддас Руҳ томонидан чўлга бошлаб борилган эди.

Шайтон эса Раббимизни турли синовлардан ўтқазди. Исо Масиҳ барча синовлардан ўтгач, Ўз хизматини бошлаб инсонларга нима учун ер юзига келгани ҳақида гапирган эди. Азиз биродарлар, бизнинг ўтишимиз лозим бўлган чўл — ҳаётимиздаги учрайдиган қийинчиликлардир. Шундай экан ҳар биримиз ўзига яраша чўлдан ўтишимиз керак. Кимдир шу чўлда нобуд бўлса, яна кимдир чўлнинг ярмини босиб ўтгач ортига қайтади, яна бошқа киши эса бор кучини тўплаб, чўлни охиригача босиб ўтиб, кенг ва Худованднинг барча марҳаматига тўла ерга бориб етади.

Азиз биродарлар, Худованд ҳар биримизга ўзимиз кўтаришимиз мумкин бўлган даражадаги синовларни беради. Ортиқчасини кўтара олмаслигимизни У яхши билади. Лекин шу биз кўтаришимиз мумкин бўлган даражадаги синовлар ҳам бизга тоғдек кўринади. Азиз биродар, агар Худованд истаса, ана шу тоғни ҳам кўтара оламиз. Худованд масиҳийнинг ҳаёти фақатгина роҳат-фароғатдан иборат бўлади, деб ваъда бермаган. Қандайдир муваффақиятларга эришиш учун ўзига яраша қиқийнчиликларни бошимиздан ўтқазишимиз керак.

Азизлар, энг муҳими, шу қийинчиликлар абадий эмас, вақтинчалик. Ҳаётимиздаги қийинчиликлар пайтида Раббимиз Исо Масиҳ биз билан бирга эканлигини, У доимо қўлимиздан тутиб турганлигини ёдимиздан чиқармайлик. Азиз биродарлар, агар оёғини операция қилган кишини мисол қилиб оладиган бўлсак, у жарроҳликни ўз бошидан ўтқазгандан кейин, маълум вақтгача албатта ҳассага суяниб юради. Бизнинг қийинчиликлар пайтидаги суянчиғимиз эса Раббимиз Исо Масиҳдир. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азизлар билан хайрлашишдан аввал, сизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com ўзингизнинг масиҳийлик ҳаётингиз ва муаммоларингиз ҳамда хурсандчиликларингиз ҳақида бизга ёзиб юборинг. Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top