3:33

Болаларнинг ўсишига ёрдам 277

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали бўлса-да сизлар билан соғ-омон учрашганимиздан беҳад хурсандмиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳозирги кунда телевидение орқали ёки турли хил адабиётлар орқали ҳар хил буюк қаҳрамонлар ҳақида ҳар куни эшитиб ёки кўришимиз мумкин. Албатта болалар ушбу қаҳрамонларга ўхшагиси келади. Бундан ташқари ўзларини машҳур фолбин ёки сеҳргар деб эълон қилаётган инсонларни ҳам учратишимиз мумкин. Бундай ўхшашликлар бизнинг давримизда оддий ҳолга айланиб улгурди, деб айтишимиз мумкин.

Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида гап кетганида эса жуда эҳтиёткор бўлишимиз талаб этилади. Чунки Исо Масиҳ улардан ҳеч бирига асло ўхшамайди. Болаларнинг онгида Исо Масиҳ ҳам қандайдир сеҳргар деган тушунча пайдо бўлмаслиги керак. Бунинг учун эса биз болалар уқитувчилари кўп тер тўкишимизга тўғри келади. Исо Масиҳ кимдир томонидан ўйлаб топилган қаҳрамон эмас. У Худованднинг севимли Ўғли. Бу ўйлаб топилмаган, бу факт. У яратган турли мўъжизалар ҳам ҳақиқатдир.

Азиз биродарлар, бу факт эканлигини қандай қилиб бошқаларга тушунтириб беришимиз мумкин? Албатта Муқаддас каломга асосланиб бошқаларга гапиришимиз керак. Муқаддас калом бу ҳақиқат. Чунки Каломда Худованднинг сўзлари битилган. Худованд эса асло ёлғончи эмас. Янги Аҳд китоби бизга айтадики, Исо Масиҳ комил ва У гуноҳдан фориғ инсондир. Инсон деганимизда, инсон қиёфасига кирган Худовандни тушунамиз. Юҳанно мактубининг 1 боби 14 оятидан бир оятни ўқиб кўрамиз:

“Калом инсон қиёфасига кирди ва биз аро маскан қилди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик, Отаси ҳузуридан келган марҳамат ва ҳақиқат ила тўлган Ягона Ўғилнинг улуғворлигини кўрдик”. Азиз радио тингловчи биродарлар, биз болаларга Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ўргатганимизда шуни ҳам ўргатишимиз керакки, Исо Масиҳ ҳам бола бўлган, қайсики Унга ҳам ота-онасининг ғамхўрлиги ва ёрдами керак эди. У ҳам ҳар бир инсон каби овқатлаган, бошқалар каби кийимга муҳтож бўлган. Чунки У инсон қиёфасида эди. Лекин Уни барча ер юзидаги инсонлардан ажратиб турадиган биргина жиҳати бор эди.

У турли хил гуноҳлардан фориғ бўлган, шунинг учун ҳам У инсонларнинг гуноҳларини Ўз бўйнига олиб, улар учун Ўзини қурбон қилган эди. Азиз биродарлар, Исо Масиҳ инсон қиёфасидаги Худованддир, У биз инсонлар билан юзма-юз мулоқот қилиб орамизда яшади, лекин ҳар қандай гуноҳни енгди. Болалар ҳам гуноҳсиз ҳаёт кечиришни Исо Масиҳ орқали ўрганишлари мумкин. Раббимиз Исо Масиҳ уларнинг ҳаётларидаги ягона қаҳрамонга айланса, Худованд ҳар бир боланинг ҳаётини ўзгартиради. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Ҳозирча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top