3:33

Руҳий ғалаба 282

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, мен яна сиз биродарларим билан радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада дийдор учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тинглаб дам олинг. Азиз биродарлар, Ўзининг бузуқ ниятларини амалга оширишда шайтон фойдаланадиган ўзига хос усуллардан бири бу васвасага солиш усулидир. Ҳар бир масиҳий инсон имонда қанчалик мустаҳкам бўлмасин, албатта шайтон шу инсонни ҳам васвасага сола олади.

Инсон васвасага тушиб қолиши гуноҳ эмас, шу васвасага берилиб енгилиш гуноҳдир. Шунинг учун фарзандларимиз ва оиламиз учун доимо ибодатда бўлайлик. Шайтон одамларни турли хил йўллар билан гуноҳга бошлайди. Баъзан искариотлик Яҳудо воқеасидаги каби тўғридан-тўғри гап орқали васвасага солади. Баъзида эса сохта пайғамбарлар кўринишидаги ўзининг жин-ажиналари орқали бу ишни бажаради. Шайтонни одамларнинг шахсий заифликларидан фойдаланиши ҳам тез-тез учраб турадиган ҳол. У ҳатто Исо Масиҳни ҳам васвасага солган, дунё устидан ҳокимлик ва салтанатни ваъда қилиб, Уни гуноҳ қилишга ундаган эди.

Азизлар, шу ҳақида Луқо Хушхабар китобининг 4 боби 5 оятидан 8 оятигача бўлган жойларда ёзиб қўйилган. Одамзотни васвасага солиш билан бир қаторда, шайтон ёлғондан фойдаланиб ҳам ҳузур қилади. Унинг ёлғон табиати Ҳазрати Исо ёқлаб чиққан ҳақиқатнинг бутунлай аксидир. Шайтон кўп ишлатадиган энг катта ёлғонлардан бири — солиҳ бўлмай туриб ҳам марҳаматга эришиш мумкин деган бузуқ фикрдир. Бу ёлғонни унинг деярли ҳамма васвасасида кўриш мумкин. Шайтон энг катта ёлғончидир, шунинг учун ҳам у ҳақиқатни сохталаштириш бўйича устаси фаранг ҳисобланади.

Шайтон Нажот хабарни айттирмаслик учун, бу ҳақиқатни бошқаларга етказмоқчи бўлган ҳар қандай кишининг оғзини ёпиш учун ўз усулларидан фойдаланади. У Худо Каломининг тарғиб қилишга тўсқинлик қилади. Хушхабар тарғиб қилинаётган вақтда шайтон Худо ҳақиқатини тушуниб етмасин, деб одамларнинг ақл кўзларини кўр қилиб қўяди. Шунинг учун азиз радио тингловчи, сиз Хушхабар айтаётган одам учун тинимсиз ибодатда бўлиш жуда катта аҳамиятга эгадир. Кўп ҳолларда у зўравонлик ишлатиб, Худонинг ишларига қарши чиқади.

Моддий дунёга тартибсизлик келтириб, одамларни ғам-қайғуга солади, азоблайди. Баъзан тўғри йўлга солиш мақсадида Худо Ўз халқини шайтоннинг ихтиёрига қўйиб беради. Келинг азиз биродарлар, фикримизнинг далили сифатида 1 Тимўтийга мактубининг 1 боби 20 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Именей ва Искандар шулар жумласидандир. Улар яна куфр қилмасин деб, уларни шайтонга топшириб қўйдим”. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, доимо Худованднинг тўғри кўрсатган йўлидан адашмай бориш ҳар биримизни шайтоннинг турли макрларидан сақлайди. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг электорон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top