3:22

Худонинг сўзи 199

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азизлар, яна сизлар билан радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Бугун сизлар билан худди ўзимизга ўхшаб кетадиган бир инсон Тимўтий ҳақида гаплашамоқчиман. Тимўтий ҳаворий Павлуснинг шогирди бўлганини биз яхши биласиз. Тимўтий исми “Худони улуғловчи” деган маънони англатади. У Листра шаҳрида масиҳий оилада туғилган. Маълумотларга кўра унинг отаси юнон, онаси эса иброний бўлган.

Листра ҳозирги Туркиянинг ҳудуди ичида бўлган. Ўша пайтда Туркия ерлари бошқа ном билан аталган ва Рим ҳукмдорлиги остида эди. Павлус у билан Листрага борганида танишган эди. Агар тахмин қиладиган бўлсак, ўша пайтда у ўсмир йигит бўлган бўлиши мумкин. Унинг отаси нафақат Листрада, балки ён қўшни бўлган шаҳар Икониядаги имонлилар орасида яхши ном қозонган масиҳий эди. Уларнинг оиласи масиҳий бўлгани учун, табиийки у ёшлигидан Муқаддас Каломни яхши ўрганган ва Исо Масиҳ ҳақида эшитиб, улғайган. У онаси ва бувисидан имонли киши қандай бўлиш кераклигини ўрганган.

Отаси эса унга энг яхши ўрнак бўлган. Павлус уларнинг оиласи билан танишгач, Тимўтийни ўзи билан олиб кетишни истаб қолади. Павлус нима учун уни ўзи билан олиб кетишни истаган эди? Павлуснинг қандай одам бўлганини сиз азиз радио тингловчи яхши биласиз. У қаттиққўл, қатъиятли, Эски Аҳд билимларидан бохабар, билимли ва доно киши бўлган. Фикримча, Тимўтийни ўзига шогирд қилиб олишга лойиқ кўрган. Шунинг учун ҳам уни суннат қилдириб, ўзи билан олиб кетди. Тимўтий Павел билан бирга шаҳарма-шаҳар юриб, хушхабар айтган.

Бу саёҳатлар, доимо Павлус билан бирга бўлиш, ҳамда унинг учун ҳам оғир ҳам мароқли бўлган эди, деб айтишимиз мумкин. Чунки уйидан ҳеч қаерга чиқмаган Тимўтий учун бирданига шунча жойларни кезиш қийин бўлгани аниқ. Мароқли томони у Павлусдан кўп нарсани ўрганган. У билан бирга юриб, Худога хизмат қилишни ўрганган, унинг қийинчиликлари ва ҳузурини у билан бирга ҳис қилган. Қисқа қилиб айтганда, Павлус уни ўзи билан олиб юрар экан, кейинчалик алоҳида хизмат қилишга тайёрлаган. У Павлуснинг иккинчи миссионерлик сафарида ҳамроҳлик қилади.

Тимўтий масиҳий оилада улғайган бўлса ҳам, чиндан масиҳий бўлиш қандайлигини Павлус билан бирга юриб билди. У Павлуснинг Исо Масиҳ учун бир неча марта қамалганининг ҳам гувоҳи бўлган. Павлус Салоникани тарк этганидан кейин Тимўтий Салоникада таъқиб қилинаётган масиҳийларга ёрдам бериш учун қайтиб борди. Буни у кимнингдир буйруғи билан эмас, ўз хоҳиши билан қилгани аниқ.

Муқаддас Каломдан у ҳақида ўқир экансиз, унинг оқкўнгил, меҳрибон, бироз қатъиятли, садоқатли бўлганини кўришимиз мумкин. Шунинг билан азиз биродарлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканмиз, азизлар сизга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top