3:23

Худонинг сўзи 208

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Худованд Юсуфнинг ҳаётини сақлаб қолди. Азиз биродарлар, бизнинг ҳам ҳаётимизда шунга ўхшаш воқеалар тез-тез учраб туради. Шунда ўйлаймиз: наҳотки Худованд мени эсидан чиқарди, наҳотки энди мен Унга кераксиз бўлдим, деб. Азиз биродар, Худованд Ўзининг фарзандларини асло ёдидан чиқармайди.

Балки ҳаётимиздаги содир бўлаётган қийинчиликлар орқали ҳар биримизни нимагадир ўргатмоқчи бўлади. Юсуфнинг акаларидан бири Яҳудо ўтиб кетаётган карвонни кўриб, шундай таклиф киритди: “Келинглар, Юсуфни ўлдириб ва унинг қонини тўкишдан қандай фойда бор? Ҳар ҳолда у бизнинг укамиз, туғишган қондошимиз. Ака-укалар Яҳудо билан жон деб рози бўлишди. Улар ўз манфаатларини кўзлаб қўштирноқ ичида қандай “олижаноблик” кўрсатишди! Улар Юсуфни чиқариб олиш учун қудуққа тушдилар.

Юсуф эса акаларининг мақсадини пайқаб қолиб ҳамда мидёнлик савдогарларнинг унинг учун йигирмата кумуш танга санаб бераётганларини кўрганда, Ёқубнинг севимли ўғлини даҳшат қоплади. Эҳ Юсуф, Юсуф! Қани сенинг эркинлигинг? Қани сенинг туғилиб ўсган уйинг? Лубнон тоғларининг чўққилари кўздан йўқолди. Ҳамма нарса ортда қолди: бахтли болалик ҳам, эркин ҳаёт ҳам. У кўзларида ёш билан қадрдон жойларини тарк этди. Ота-боболарининг Худосидан бўлак унинг ҳеч нарсаси қолмади. Унинг қаршисида бепоён чўл ястаниб ётарди, уни олис Мисрга қул қилиб олиб кетишаётган эди.

Сафарнинг дастлабки вақтида Юсуф, кўпинча кучли руҳий изтиробдан кейин бўладиган, карахт ҳолатида эди, яъни ҳайкалдек қотиб қолган эди. Кейин қадрдон отасини соғинганидан юраги зирқираб кетди ҳамда ўтган ҳаёти ҳақидаги хотиралари жонланди. Йигит бошини қуйи солганча Байтилда, Беър-Шевада ва Мерреда тирик Худовандга қандай хизмат қилганларини эслаб кетарди. У отасидан эшитган ҳамма нарсани бир-бир эсга оларди. Унинг бошига тушган қисмати бобоси Исҳоқнинг қисматидан кўра оғирроқ эди. Мажусийлар юртида абадий қул бўлиб юргандан кўра ўз отангни қўлида қурбон бўлганинг яхшироқ! Исмоилийлар Юсуфнинг ҳаёл суришига ҳалақит беришмасди, йўл эса узоқ эди.

Йигитни имонсизлар ўраб олган эди. Азиз биродарлар, Юсуфнинг ҳаёлидан нималар ўтгани бизга қоронғу. Лекин у бир нарсани аниқ биларди. Худованд у билан бирга бўлгани учун ва уни шундай қийинчиликларда асраб қолгани учун, энг муҳими Юсуфни тирик сақлаб қолгани учун Юсуф Худога раҳмат айтар эди. Азиз биродарлар Худога доимо миннадорчилик билдириш ва рахмат айтиш ёдимиздан чиқмасин. Шунинг билан азиз биродарлдар, эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили ёдингизда бўлса керак: dilkash@najot.com ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top