Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, севги сўзини эшитганингизда биринчи навбатта қандай фикрлар ҳаёлингизга келади? Севги ўзи нима? Телевизорда икки севишган бир бирига бўлган туйғуми? Бўлса бордир. Лекин мен айнан ҳақиқий севги ҳақида сўраяпман. Ҳақиқий севги нима эканини билиш учун, биз аввалам бор Каломга назар ташлашимиз керак деб ўйлайман. Келинг, бугун, Юҳанно хушхабарининг ўнбешинчи бобига назар солсак. Исо, шогирдларига шундай деб айтди:
«Отам Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай севдим. Менинг муҳаббатимга содиқ қолинглар. Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг муҳаббатига содиқ қолганман. Худди шу сингари сизлар ҳам, агар Менинг амрларимга амал қилсангизлар, муҳаббатимга содиқ қоласизлар.
Менинг шодлигим сизларга ўтсин ва кўнглингиз қувончларга тўлсин деб, Мен бу сўзларни сизларга айтдим. Менинг амрим шу: Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинглар. Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ. Агар сизлар буюрганларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар. Мен сизларни энди қул деб атамайман. Қул хўжайини нима қилишини билмайди. Сизларни дўстларим дейман, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани сизларга билдирдим. Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Бориб ҳосил беринглар ва ҳосилингиз боқий бўлсин, деб сизларни танладим» (Юҳанно 15). Азизлар, мана сизга ҳақиқий севгининг ўзгинаси. Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ.
Азизлар, бугунги дастурни айнан мана шу севги, аниқроғи орамиздаги биродарчилик севгисига бағишлашни мақсад қилдим. Истасангиз, мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, сира хижолат бўлманг, чунки Исонинг биринчи шогирдлари ҳам бошида қандай ибодат қилишни билишмаган. Бемалол кетимдан қайтараверинг. Осмондаги Отажон, бизга севишни ўргат. Айнан Исо бизни қандай севган бўлса, биз ҳам бир-биримизни шундай севайлик. Исо бизлар учун ҳаётини қандай бағишлаган бўлса, бир-биримиз учун шундай қурбон бўлишни бизга ҳам ўргат. Худойим, биз энди Сенинг қулинг эмасмиз, аксинча, Сен бизни дўстим деб атадинг. Чунки биз ҳақиқатни билдик, Сен Каломингда кўрсатган буюк ҳақиқатни бизга очиб бердинг. Худойим, севги, бу Сенинг ажойиб томонингдир. Ахир айнан бизга бўлган севгинг ва мухаббатинг туфайли, хазрати Исо хочга бориб муқаддас қонини тўкди.
Айнан севгинг, бизга озодлик бериб, бу дунёдан қутқариб олди. Худойим, Сен, севги Худоси экансан, бизга ҳам севиш қандай эканини ўргат. Нафақат оғизда, аксинча, амалда севишни ўргат. Чунки айнан севгинг, оламни озод қилди. Биз севгига тўлиб, хосил берайлик, ва хосилимиз боқий бўлсин. Сен бизни танлагансан, демак бизга нисбатан Сенда ажойиб режалар мавжуд. Муқаддас номинг улуғлансин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.