Ассалому алайкум. Сизлар ўзингизга ёққан энг яхши нарсани бошқалар билан бўлишишни ёқтирасизми? Мен ҳам. Шунинг учун бир оятни ва ундан ўрганганларимни сизлар билан бўлишмоқчиман. Эшитинг. Матто 5:41 «Ким сени бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан икки чақирим юр». Ўтган йили бир дугонам бу оятни бошқача изоҳлаганди. У бу борада ҳақ эди. Унинг айтишича, Исо Масиҳнинг даврида римлик аскарлар ўз нарсаларини ёки қурол аслаҳаларини кўтариб юришлари учун бирор бир одамни чақириб, уларга шу қуролларни кўтартиришга ҳақлари бўлган. Аммо кўтариб юрадиган одам бир чақиримдан ортиқ йўл юрмаслиги қонунда белгиланганди. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳ, «Агар кимдир сендан бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан икки чақирим юр», — деб айтган. Агар ўшанда масиҳийлар римлик аскарлар билан икки чақирим йўл юрса, бу улар учун қизиқ ҳол бўларди. Бунинг сабабини билишга қизиқардилар. Охири эса икки чақирим юрган одамнинг масиҳийлигини билиб, масиҳийлар ҳақида яхши фикрга келардилар. Бу айнан шу сабабли ёзилган. Бироқ яқинда Худо менга бунинг бошқача маъносини ҳам очиб берди. Қандай дейсизми? Эшитинг. Бир куни мен унчалик яхши танимайдиган бир масиҳий аёл болали бўлди. Дугонам билан уни кўриб келишга қарор қилдик. Дугонам мева-чева оладиган мен эса бирор овқат пиширадиган бўлдим. Ўша куни кун бўйи туғуруқхонага олиб бориш учун овқат тайёргарлигини кўрдим. Ўша аёл учун мазали ва юмшоқ котлетлар пиширдим. Ёнига қўйиш учун узум баргли дўлмалар тайёрладим. Овқатларни идишга солиб, йўлга чиқаётганимда болаларимдан бири сўраб қолди: «Ая, бу нима?» Мен унга масиҳийлар бир-бирларига ғамхўр бўлишлари, касал ётганларида бориб кўришлари кераклигини гапириб, яқинда она бўлган аёлга олиб кетаётганимни айтим. У эса: «Биз кечга нима еймиз», — деб қолди. Мен эса «Келиб, тезгина макарон қовураман» — дедим. Дедим-у, тилимни тишладим. Эрталаб ўқиган оятим онгимга ва юрагимга келиб урилди.
Бизга Худо томонидан берилган оналик вазифаси биз учун берилган, мажбур қилинган ишнинг «биринчи чақирими» бўлади. Биз эса ўша чақиримни ўз иҳтиёримиз билан юриб, иккинчи чақиримни ҳам оиламизга бағишлашимиз керак. Ўша онда мен оилам учун бермаган иккинчи чақиримни, ўзим унча яхши танимайдиган аёлга ортиқча чақирим юриб қўйганимни тушундим. Бу билан бошқалар учун ортиқча чақирим юрманг, демоқчи эмасман. Аммо биз аёллар учун энг биринчи ўринда туриши керак бўлгани бу бизнинг оиламиз. Оиламиздаги ўзимизга берилган ишларни бажариш, уларга ғамхўрлик қилиш бизнинг биринчи чақиримимиз бўлса, нега энди ўша ишларни завқли ва маҳсус қилиб ўшани иккинчи чақирим қилиб кўрмаймиз. Масалан, ҳар биримиз кечки овқат ҳақида гаплашамиз. Кечки овқатга қандай овқат қилишни болалардан, турмуш ўртоқлардан сўраймиз. Аммо нега ўша кечки овқатни маҳсус қилиб тайёрламаймиз. Ҳамма учун ёқимли бўлган онга айлантирмаймиз.
Кечки овқатни ёки дам олиш кунларидаги бирор бир таом ейиш вақтини бошқа жойга кўчириш мумкин. Ҳовлида яшасангиз, уни боққа кўчиришингиз, боғда жой тайёрлаб, ўша ерга дастурхон тузашингиз мумкин. Агар кўп қаватли уйда яшасангиз, кун совуқ бўлмаса, бирор жойга пикникка чиқиш мумкин. Хуллас, оилангиздагилар ҳаётини гўзаллаштириш сизнинг фантазиянгизга боғлиқ.